Қуролларни ўз ихтиёри билан топширган шахслар жавобгарликдан озод этилади

Қуролларни ўз ихтиёри билан топширган шахслар жавобгарликдан озод этилади

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олиб борилаётган профилактик ишларга қарамасдан ўқотар бўлмаган, яъни пневматик қуролга ноқонуний эгалик қилиш, уйда сақлаш, кўча-кўйда олиб юриш билан боғлиқ ҳолатлар учраб турибди.

2023 йилда пневматик қуроллар билан боғлиқ 5 та нохуш ҳолат содир этилган ва бунинг оқибатида 4 нафар фуқаро жароҳатланган, 1 нафар шахс ҳалок бўлган.

Қонунчиликка кўра, фуқаро ўз ихтиёри билан пневматик қуролни топширса, ушбу қурол мусодара қилиниб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараварига, мансабдор шахсларга эса йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Ваҳоланки, Жиноят кодексининг 248-моддасида жамоат хавфсизлиги даражаси анча юқорироқ бўлган ўқотар қуролни ўз ихтиёри билан топширган шахс жавобгарликдан озод қилиниши кўзда тутилган.

Мазкур ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этиш мақсадида қонунчиликда пневматик, сигнал берувчи, тиғли совуқ, улоқтириш қуроли ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли каби ўқотар бўлмаган қурол турларини ўз ихтиёри билан топширган шахслар жавобгарликдан озод қилинишини назарда тутувчи нормани мустаҳкамлаш зарурати юзага келган.

Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилган “Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 220-1-моддасига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун шу мақсадга хизмат қилади.

Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 220-1-моддасига шахсни ўзининг қонунга хилоф эгалигида бўлган пневматик, сигнал берувчи, тиғли совуқ, улоқтириш қуроли ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини ихтиёрий равишда топширганда маъмурий жавобгарликдан озод қилиш имкониятини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.

Қонун жамоат тартибини сақлаш ва ўқотар бўлмаган қурол турлари қонунга хилоф муомаласининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!