Олимлар кашфиёти 5 минг марта, бозордаги тортишув 2.5 млн марта кўрилмоқда — Шоир маънавиятга эҳтиёж ҳақида

Олимлар кашфиёти 5 минг марта, бозордаги тортишув 2.5 млн марта кўрилмоқда — Шоир маънавиятга эҳтиёж ҳақида

Қашқадарёда «Маънавият фестивали» давом этмоқда. Фестивалнинг иккинчи куни Китоб, Деҳқонобод ва Касби туманларида давом этди. Тадбирлар «Аждодларга эҳтиром» лойиҳаси билан старт олди. Хусусан, Касби туманига ташриф буюрган ижодкорлар, аввало, Бегали Қосимов уй-музейида бўлишди ҳамда маҳалла аҳли билан учрашиб, улуғларнинг ҳолидан хабар олишди. Шундан сўнг тумандаги «Обод маҳалла маркази» билан танишишди. Ушбу масканнинг диққатга сазовор жиҳати шундаки, унда 3 та маҳалла фуқаролар йиғини жойлашган, атрофида кўнгилочар жойлар, шу билан бирга мактаб ва боғча бор. Шу сабабли ҳам ушбу тадбирда 1 ярим мингга яқин аҳоли қатнашди. Унда шоир Эшқобил Шукур уч авлод учрашувига тўхталиб, маънавият ва маърифатнинг нега зарур эканлиги ҳақида фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашди.

«Яқинда юртимиздаги ОАВдан бирида бир тажриба ўтказилди: экраннинг бир тарафига ўзбек олимларининг кашфиёти, бир томонига бозорда икки хотиннинг соч юлишгани ҳақидаги хабар қўйилди. Олимлар кашфиёти 5 минг марта кўрилган бир чоғда бозордаги тортишув 2 миллион 500 минг марта кўрилибди. Айнан шу тажрибанинг ўзиёқ маърифат масаласи нақадар долзарб эканини кўрсатади», дейди шоир.

Китоб туманида ҳам худди шу каби тадбир ташкил этилди. Унда пойтахтдан ташриф буюрган ижодкорлар тумандаги машҳур Чинор атрофида отахон ва онахонлар иштирокида тарихни ёдга олишди.

Қайд этилишича, ушбу чинор ичига 80 кишини сиғдирган. Бир неча аср аввал ундан мактаб ўрнида фойдаланишган. Ҳозирда эса у туристлар диққат марказида. Китоб туманига ташриф буюрган ижодкорлар иштирокида спортчи ёшлар билан «Спорт менинг дўстимсан» мавзусида учрашув ўтказилди.

Маҳалладаги 45-мактабнинг спорт залида барча шароитлар мавжуд. Бу ерда Улуғбек Жалолов спортнинг қўл жанги тури бўйича 300 нафардан ортиқ ёшларга мураббийлик қилиб келмоқда. Айни вақтда маҳалла ёшларидан ташқари қўшни Сариосиё, Хўжаилмкони, Оқсув, Тўпчоқ, Сарой, Искана маҳалласи ёшлари ҳам машғулотларга бирдек қатнашиб келмоқда. Учрашув сўнггида катта ютуқларга эришган ёшларга эсдалик совғалари топширилди.

«Маърифат» тарғиботчилар ақл чархини яхши кўришлари ҳеч кимга сир эмас. Китобда улар иштирокида «Заковат» интеллектуал ўйини ҳам ташкил этилди. Унда санъаткорлар билан бир қаторда туман аҳолиси ҳам фаол қатнашди.

Деҳқонобод туманида ҳам тадбирлар ўзига хос тарзда ўтди. «Инсон қадри» лойиҳаси доирасида «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзолари «Завқий» маҳалласида истиқомат қилувчи 102 ёшли Файзулла бобо ҳамда кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олишди.

Шунингдек, учта туманда ҳам тадбирлар гала-концертлар билан якунланди. Ҳар бир ҳудудда 2 мингга яқин аҳоли унда иштирок этди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!