Ўзбекистон радиоактив изотопли маҳсулотлар экспортини йўлга қўйиши мумкин

Ўзбекистон радиоактив изотопли маҳсулотлар экспортини йўлга қўйиши мумкин

Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов Венгриянинг Izotop институти бош директори Михай Лакатош билан учрашув ўтказди.

Izotop илмий институтига 1959 йилда асос солинган. Институт узоқ муддатга эга бўлган радиоизотоп технологиялари ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланади. Ўтган йиллар давомида Институт диагностикадан тортиб кўплаб маҳсулотлар учун буюртма асосида радиоактив манбалар ишлаб чиқарди. Маҳсулотлар GMP, ISO9001, ISO13485, ISO14001 халқаро сифат стандартларига мос келади.

Музокаралар давомида Михай Лакатош Ўзбекистон билан радиоизотоп технологиялари ишлаб чиқариш бўйича ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилганлигини билдирди. Жумладан, мамлакатда фаолият юритаётган Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги "Радиопрепарат" давлат корхонаси билан радиоактив изотопли маҳсулотлар савдоси бўйича ўзаро ҳамкорлик алоқалари мавжуд.

Элчи Ойбек Шахавдинов радиоактив изотопли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспортни ривожлантириш бўйича Ўзбекистонда етарли шарт-шароитлар яратилганини маълум қилди. Бу йўналишда Ўзбекистондаги илмий ташкилотлар ва мазкур институт ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда яқиндан ёрдам бериш истаги билдирилди. Шунингдек, GMP сертификатини олиш бўйича Европа Иттифоқидаги давлатлардаги тегишли органлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлик тасдиқланди.

Учрашув якунида халқаро стандартларга мос келувчи ва барча зарур сертификатларга эга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган радиоактив изотопли маҳсулотларни экспорт қилишда Izotop институти билан узоқ муддатли шериклик муносабатларини ривожлантириш мақсадида ўзаро мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!