Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон элчихонасини ёпди

Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон элчихонасини ёпди

Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистоннинг Лондондаги элчихонасини 3 ой ёпишини маълум қилди. Вазирликка Афғонистонинг элчиси Залмай Расул чақиртирилган.

Британия манбаларининг ёзишича, элчи жорий йилнинг 6 сентябрь куни Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган ва вазирлик элчидан элчихона биносини бўшатиб қўйишни ва 20 кун ичида элчихонани ёпиш кераклигини айтган.

“Афғонистон Ислом Амирлигининг Лондондаги элчихонаси расман ёпилиши ва мезбон давлатнинг расмий илтимосига кўра, 2024 йил 27 сентябрда ўз фаолиятини тўхтатиши режалаштирилган. Бу қарор қабул қилувчи давлат органларининг талабларидан келиб чиқиб қабул қилинган”, – дейилади Афғонистон элчихонасининг Х тармоғида.

Британия элчихона ходимларига Буюк Британияни тарк этиш ёки мамлакатда қолиш ва бошпана сўраш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш учун 90 кун муҳлат берилган.

2021 йилда АҚШ ўз кучларини олиб чиқиб кетганидан кўп ўтмай Толибон Афғонистонни эгаллаб олганди, бироқ ҳозирча жаҳон миқёсида тўлиқ эътироф этилгани йўқ. Улар собиқ ҳукумат дипломатлари томонидан бошқариладиган Афғонистон элчихоналарини ўз ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорлик қилишга кўндиришга интилишган, аммо уринишлари натижа бермаган.

Июль ойи охирида Толибон назоратидаги ташқи ишлар вазирлиги Афғонистоннинг Канада, Австралия ва бир қанча Европа давлатлари, жумладан, Буюк Британиядаги дипломатик ваколатхоналари томонидан чиқарилган ҳужжатлар Кобул билан алоқа ўрнатишдан бош тортгани учун ўз кучини йўқотганини эълон қилганди.

“Толибон” Европада консуллик хизматига мурожаат қилмоқчи бўлган афғон ва чет эл фуқароларига Испания, Нидерландия, Болгария, Чехия ва Германиядаги Мюнхендаги ваколатхоналарга ташриф буюриши мумкинлигини таклиф қилди.

Маълумот учун, Буюк Британияда афғон мигрантлари кўп бўлган Европа давлатлари қаторига киради. Элчихонанинг ёпилиши ушбу муҳожирларнинг консуллик хизматларидан фойдаланишини қийинлаштиради, масалан, мулкий масалалар бўйича ишончнома олиш.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!