Наманганлик талабалар робот машина яратди

Наманганлик талабалар робот машина яратди

Наманган муҳандислик-технология институтининг бир гуруҳ иқтидорли талабалари томонидан олий ўқув юрти тарихида илк бор робот машина ясалди. Умумий оғирлиги 45 килограмм, узунлиги 110/50 сантиметр бўлган ушбу робот масофадан бошқарилади ва 80-110 килограмм оғирликдаги юкни ҳеч қандай қийинчиликсиз белгиланган манзилга олиб боради.

-- Замон шиддат билан ўзгараётган бир пайтда робототехника соҳаси ҳам ривожланиб бормоқда. Биз жамоамиз билан биргаликда ўз ғояларимизни амалда татбиқ этиш имконига эга бўлдик, -- дейди Наманган муҳандислик-технология институти талабаси Шоҳруз Тошқулов. -- Бунинг учун олий ўқув юртимиздаги мавжуд технопаркда кашфиётимизни рўёбга чиқардик. Роботга “Ordino smd” платасини ўрнатдик ва бу бизга бошқарув тизимини тўлиқ назорат қилиш имконини беради.

Айтиш керакки, мазкур қурилма тўлиқ қувватни аккумулятордан олади. Электр ҳамда юк кўтариш қувватини ошириш мақсадида талабалар роботдаги электродвигетеллар сонини оширган. Шунингдек, роботни оддийгина смартфон орқали бошқариш имконияти ҳам мавжуд эканлиги таҳсинга сазовор.

Наманганлик талабалар ушбу ихтиролари билан илк совринни ҳам қўлга киритишга улгурди. Яқиндагина пойтахтимизда ўтказилган Мудофаа саноатида инновацион технологиялар фестивалида Наманган муҳандислик-технология институти жамоаси робототехника йўналишидаги мусобақада фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди.

Айни кунларда институт талабалари томонидан ушбу роботни такомиллаштириш ишлари давом эттирилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!