Мьянма ҳокимияти тепасига келган ҳарбийлар норозилик намойишлари туфайли кўчаларга зирҳли техникаларни жойлаштирмоқда

Мьянма ҳокимияти тепасига келган ҳарбийлар норозилик намойишлари туфайли кўчаларга зирҳли техникаларни жойлаштирмоқда

Мьянма ҳарбийлари кўчаларга қўшимча кучлар, шу жумладан, зирҳли машиналарни жойлаштирмоқда, дея хабар бермоқда «Интерфакс».

Таъкидланишича, мамлакатнинг йирик шаҳарларида давлат тўнтаришига қарши давом этаётган норозилик намойишлари сабабли интернетга уланиш вақтинча чекланган.

Мьянма Транспорт ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги 14 февраль, якшанба куни уяли алоқа операторларига интернетга киришни тақиқлашни буюрди. Натижада, 15 февраль куни эрталаб саккиз соат давомида тармоққа кириш имконсизлигича қолди. Аммо кейинчалик интернет алоқаси тикланди.

Шунингдек, ҳарбийлар мамлакатнинг энг йирик шаҳри Янгон кўчаларига зирҳли машиналарни киритди. Мамлакат Марказий банки ёнида аскарлар, зирҳли транспортёрлар, тартибсизликни назорат қилиш бўлинмалари ва сув пуркагичлари бўлган юк машиналари пайдо бўлди. Шунга қарамай, шаҳарнинг ушбу ҳудудида 1000 дан ортиқ намойишчилар тўпланди.

Давлат тўнтарилишига қарши минглаб мухолифатчилар Нейпьидо, Мандалай ва жанубдаги Тавой шаҳрида ҳам норозилик намойиши уюштирмоқда.

Шунингдек, таъкидланишича, Мьянманинг собиқ давлат маслаҳатчиси ва президенти 17 февраль куни бўлиб ўтадиган судга видеоалоқа орқали иштирок этади.

Мавзуга доир: Мьянмада ҳарбий ҳукумат ўзига янги ваколатлар тақдим этди. Мамлакатда норозилик намойишлари давом этмоқда

«ТАСС»нинг маълум қилишича, мамлакатда ҳокимиятни қўлга киритгандан сўнг ҳарбийлар томонидан ҳибсга олинган Мьянманинг давлат маслаҳатчиси, ташқи ишлар вазири Аун Сан Су Чжи 17 февраль куни бўлиб ўтадиган суд мажлисига қадар ҳибсда қолади.

«Менга туман прокурори томонидан суд мажлиси чоршанба кунига қолдирилганлиги тўғрисида хабар берилди. Прокурорнинг таъкидлашича, видеоалоқа орқали ўтказиладиган суд вақтида Аун Сан Су Чжидан адвокат судда унинг вакили бўлишини хоҳлайдими ёки йўқми, сўралади», — деди Аун Сан Су Чжи ва президент Вин Мьиннинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун Миллий демократия лигаси томонидан тайинланган адвокат Кин Маун Зо.

Адвокат шу пайтгача суд унинг Мьянма давлат маслаҳатчиси ва президентининг манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги илтимосномасини рад этганини маълум қилди. Кейинчалик у президент Вин Мьин судда видеоалоқа орқали ҳам пайдо бўлишини қўшимча қилди.

Маълумот учун, 3 февраль куни давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжи ва Вин Мьинга уч йиллик қамоқ жазоси олиб келиши мумкин бўлган турли айбловлар қўйилди. Давлат маслаҳатчиси импорт ва экспорт тўғрисидаги қонунни бузганликда айбланмоқда. Чунки унинг уйида ўтказилган тинтувлар давомида мамлакатга ноқонуний олиб кирилган радиоэлектрон воситалар топилган.

Президент эса полиция ҳисоботида айтилишича, коронавирус эпидемияси пайтида рафиқаси билан мамлакатнинг кўплаб ҳудудларига ташриф буюрган, бу табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш тўғрисидаги қонунни бузиш ҳисобланади. Бундан ташқари, 19 февралда суд олдида жавоб берадиган Демократия учун миллий лига партиясида Аун Сан Су Чжининг ўринбосари Вин Тхейн исён қўзғаганликда айбланмоқда.

Шу билан бирга, ҳарбийлар Жиноят кодексининг бир неча бўлимларига Демократия учун миллий лига партияси аъзолари, намойишчилар ва фуқаролар итоатсизлиги ҳаракатини тарғиб қилаётганларга қарши қўлланилиши мумкин бўлган ўзгаришлар ва қўшимчалар ҳақида эълон қилди. Кенг шарҳга эга бўлган ва фаолларни ҳибсга олиш учун мунтазам равишда фойдаланиб борилган ушбу қонунлар энди қаттиқроқ жазоларни кўзда тутади.

Хавфсизлик хизматлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг муваффақиятли фаолиятига халақит берадиган ҳаракатлар 20 йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлиши мумкин ва давлат хизматчиларининг ишига аралашиш етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бундан аввал Мьянмада ҳарбийлар 23 мингдан ортиқ маҳбусни афв этгани ҳамда Мьянма бош қўмондони нима сабабдан давлат тўнтарилиши содир бўлганини тушунтиргани ҳақида хабар берилганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!