Ҳиндистонда парламент сайловлари бошланди

Ҳиндистонда парламент сайловлари бошланди

Кеча, 19 апрель санасида Ҳиндистонда дунёдаги энг йирик парламент сайловлари бошланди. Бу ҳақда “РИО Новости” маълум қилди.

28 та штат ва 8 та иттифоқ ҳудудларида овоз бериш жараёни етти босқичдан иборат бўлади ва унда 968 миллион нафар рўйхатга олинган сайловчилар қатнашиши кутилмоқда.

Бош сайлов комиссари Ражив Кумарнинг маълум қилишича, Ҳиндистон парламенти қуйи палатасига сайловлар 19 апрелдан 1 июнга қадар давом этади. Овозларни санаш 4 июнда якунига етказилади.

Ҳиндистон қуйи палатасига сўнгги сайловлар 2019 йилда ўтказилган. Овоз бериш 11 апрелда бошланиб, якуний натижалар 23 майда эълон қилинганди. Ўшанда қаторасига иккинчи марта «Бхаратия Жаната» партияси ғалаба қозонган, унинг етакчиси Нарендра Моди яна мамлакат бош вазири лавозимини эгаллаганди.

Таъкидлаш керакки, Нарендра Моди учинчи марта бош вазир лавозими учун курашмоқда ва ҳатто 2019 йилгидан кўпроқ овоз тўплашга ишончи комил.

Парламент сайловида амалдаги ҳукмрон “Бхаратия жаната парти” ва унга асосий мухолиф сиёсий куч бўлган “Ҳиндистон миллий конгресси” партияси аъзолари асосий рақобат олиб боради.

Маълумот учун, 1 июнда якунланадиган мазкур сайлов дунёдаги энг узоқ вақт давом этадиган сиёсий тадбир бўлади


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!