Эҳтиётсизлик орқасидан ўз эрини ўлдирган аёлга жазо тайинланди

Эҳтиётсизлик орқасидан ўз эрини ўлдирган аёлга жазо тайинланди

Фуқаро Жўрабоев нафақага чиқиб, ёши 70 га қараб кетаётган пайтда ҳам спиртли ичимлик ичишга ружу қўйган эди. Бунинг натижасида Жўрабоевлар хонадонида тез-тез жанжал кўтариларди. Оиладаги охирги жанжал аянчли якун топди.

Ўша куни оила бошлиғи Жўрабоев уйига яна маст ҳолда кириб келиб, аёли билан жанжаллашади. Турмуш ўртоғини ҳақорат қилиб, ошхона пичоғини олиб, ўлдириш билан тахдид қилиб, ортидан қувади. Аёли томорқа томонга ўтиб, яшириниб олгач, эр яна кўчага чиқиб кетади. Спиртли ичимлик ичишни давом эттириб, кечга томон уйга қайтиб келади. Кейин ўзи ётадиган уйга кириб, диванда ухлаб қолади. Жўрабоева турмуш ўртоғини уйқудан уйғониб, жанжал кўтармаслиги ва яна кўчага чиқиб кетмаслигини кўзлаб, ҳовлида турган чилвир ип билан эрининг икки қўлини пастки билак соҳасидан ва икки оёқларини сон ва тўпиғидан боғлаб қўяди. Бироз вақт ўтгач Жўрабоев уйғониб оёқ-қўллари боғланганини кўриб, бақир-чақир қилади. Турмуш ўртоғининг важоҳатидан қўрққан аёл эрининг қўл-оёқларини боғлиқлигича қолдиради. Жўрабоева суддаги кўрсатмасида воқеалар ривожи ҳақида гапирар экан кейинроқ ипларни ечиш учун кирганида эри хуррак отиб ухлаб ётганини, яна бироз вақт ўтиб кирганида эса овози чиқмай қолганини маълум қилган. Бу орада яқинлар, шифокорлар ёрдамга чақирилган. Чақирув бўйича хонадонга етиб келган шифокорлар беморни текшириб кўриб, Жўрабоевнинг вафот этганини айтишган. Суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, Жўрабоевнинг ўлимига танасидаги жароҳатлар ва организмда кислороднинг камайиши, карбонат ангидриднинг кўпайиши сабаб бўлган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши очилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилгач, иш судда кўриб чиқилди ва Жўрабоевага тегишли жазо тайинланди.

"Жўрабоевага жазо тайинлашда Жиноят кодексининг 50-моддаси талабидан келиб чиқиб, яъни нафақа ёшидаги шахсларга нисбатан ижтимоий хавф катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган сабаб озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланмаслиги қонунда кўрсатилган талабидан келиб чиқиб, Жиноят кодекси 102-модда 1-қисми билан унга яшаш жойидан чиқишни чеклаш тарзидаги озодликни чеклаш жазоси, яъни икки йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди", - деди ЖИБ Бешариқ тумани суди раиси Оловиддин Ҳасанов.

Фарғона вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати аппеляция инстанциясининг ажрими билан Бешариқ тумани судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!