Бир қатор Европа давлатлари Афғонистонда элчихоналарни қайта очиш имкониятларини ўрганмоқда — Bloomberg

Бир қатор Европа давлатлари Афғонистонда элчихоналарни қайта очиш имкониятларини ўрганмоқда — Bloomberg

Европанинг бир қанча давлатлари Афғонистонда ўз элчихоналарини қайта очиш ва шу орқали Толибон ҳаракатини тан олиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги Европа Иттифоқининг қатор давлатлари расмийлари ва манбаларига таяниб хабар берди.

Брюссел расмийлари Афғонистонда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва минтақада стратегик мавжудликни ўрнатиш учун дипломатик ваколатхоналар очиш зарурлигини тан ола бошлади, дейди европалик дипломатлардан бири. Агентликнинг эслатишича, Афғонистонда эндиликда фақат Европа Иттифоқининг бутун уюшма сифатида ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда ва айрим Европа давлатлари Толибон ҳокимиятга келганидан кейин ўз элчихоналарини ёпган.

Хусусан, Италия Афғонистонда ўз элчихонасини қайта очиш масаласини кўриб чиқмоқда. Италия ташқи ишлар вазири Антонио Тажанининг айтишича, Италиянинг Қатардаги элчиси яқинда Кобулга ташриф буюрган. Вашингтондаги НАТО саммити чоғида агентликка берган интервьюсида: “Биз бу борада ишламоқдамиз. Муаммони ҳал қилиш жуда қийин”, деб айтиб ўтган.

Испания ҳам худди шундай йўл тутади. Афғонистондаги элчи ҳозирда “хавфсизлик нуқтайи назаридан” Қатарда ишламоқда. Мадрид “имкон қадар тезроқ” элчини Кобулга қайтаришни режалаштирмоқда. “Минимал хавфсизлик шартлари бажарилса, биз элчимизни қайтарамиз, биз бир ой олдин тайёр эдик, аммо, афсуски, ўшанда ИШID террорчилари Афғонистонда уч испанликни ўлдирган эди”, деди Испания ташқи ишлар вазири Хосе Мануэл Альбарес Bloomberg агентлигига берган интервьюсида.

Шу билан бирга, Франция, Британия ва Германия расмийлари агентликка яқин келажакда Кобулда ўз ваколатхоналарини очишни режалаштирмаганликларини айтишди. Франция расмийси, ўз навбатида, Афғонистонда дипломатик ваколатхонанинг йўқлиги “чексиз давом эта олмаслигини” тан олди. Буюк Британия расмийлари, шунингдек, “хавфсизлик ва сиёсий шароитлар имкон берса,” дипломатларни Афғонистонга қайтариш имкониятларини ўрганиб чиқишларини тасдиқлади.

Америка маъмуриятининг исмини ошкор этмаган юқори мартабали мулозимининг агентликка маълум қилишича, Қўшма Штатлар Афғонистоннинг “Толибон” ҳаракати томонидан тузилган ҳукуматни расман тан олишни ва бу мамлакатдаги элчихонаси фаолиятини қайта тиклашни режалаштирмаяпти.

Ғарб давлатлари 2021 йилда АҚШ қўшинлари Афғонистондан олиб чиқиб кетиб, Кобулни Толибон кучлари эгаллаб олгандан сўнг дипломатик ваколатхоналарини ёпдилар. Шу билан бирга, Европа Иттифоқи мамлакатдаги мавжудлигини сақлаб қолди. Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жосеп Боррелнинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи Афғонистонда бир неча дипломатларини қолдирган, уларнинг асосий вазифаси аҳоли ўртасида гуманитар ёрдам тарқатиш бўлган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!