"Сурхон" мураббийи регламент қоидаларини бузиб келаётгани учун унинг иши тегишли қўмитага оширилади

"Сурхон" мураббийи регламент қоидаларини бузиб келаётгани учун унинг иши тегишли қўмитага оширилади

“Суперлига ва Пролига регламенти”нинг 16.31-бандида учрашув вақтида техник зонада клуб расмийлари орасидан фақатгина бош мураббийга футболчиларга кўрсатма бериш ҳуқуқи берилган.

Лига бундай қарорга ноаниқликлар кўпайиб кетганидан сўнг келган. Нормал ҳолатда клуб бош мураббийи ўзига тегишли барча мажбуриятларни амалга ошириши лозим. Жумладан, ўйин давомида футболчиларга кўрсатма беришдан тортиб, жамоа билан боғлиқ ОАВ саволларига жавоб қайтариш шулар жумласига киради. Лига ва Ассоциация ўртасидаги келишув асосида Суперлига клубини бошқараётган мутахассис тегишли лицензияга эга бўлиши шарт. Айрим ҳолатларда бош мураббийдан ўзга шахснинг учрашув давомида бир неча бор намоён бўлиши футбол яхлитлиги масаласини шубҳа остига қўяди. Шунингдек, ОАВ клуб билан боғлиқ саволларни барчаси учун жавобгар бўлган мутахассисга эмас, де юре унинг вазифасини бажараётган ўзга мутахассисга беришга мажбур бўлади.

Про лицензияси учун ўқув курсларининг кечикиши сабаб Лига 2024-йилнинг 1-март куни Суперлига клубларига расмий мурожаат билан чиққан ҳамда клубда бош мураббий вазифасини де факто эҳтимолий бошқа шахс амалга ошираётган бўлса, бу ҳақда расмий маълумот бериши, эвазига Лига мазкур шахсга техник зонада эркин ҳаракатланиш ҳамда матбуот анжуманларида иштирок этиш ҳуқуқини тақдим этишини маълум қилганди. Жумладан, Локомотив Ёрқин Назаров эмас, Александр Стоймировичга шундай ҳуқуқ берилишини сўради. Бунёдкор эса хорватиялик мутахассис истеъфога чиққач, бош мураббий вазифасини Анвар Ғофуровга ишониб топширди, Лига рўйхатидан эса Сергей Арслоновни бош мураббий сифатида ўтказди.

Сурхон Февзи Давлетовни бош мураббий сифатида рўйхатдан ўтказган. Матбуот анжуманларида ҳам айнан у иштирок этиб келмоқда. Бироқ Сурхон иштирокидаги сўнгги учрашувларда Давлетовдан кўра кўпроқ Станислав Кудряшов футболчиларга кўрсатма бераётгани Лига комиссарлари билдиргисида акс этган. Огоҳлантиришларга қарамай, Кудряшов регламент қоидаларини бузиб келаётгани учун унинг иши тегишли қўмитага оширилади.

Сурхон клубидан эса вазиятга ойдинлик киритиш сўралади. Мазкур ҳолатда Лига клубнинг ички ишларига аралашмайди, бироқ расмий учрашув давомида регламент талабларига тўлиқ риоя этиш сўралади. Клубда де факто бош мураббий Давлетовдан ўзга шахс бўлса, Лига бу ҳақда расман хабардор этилиши ва ОАВ иштирокидаги матбуот анжуманларида ҳам айнан ўша шахс иштирок этиши шарт ҳисобланади.

Маълумот учун, жорий йилнинг сентябр ойида Про лицензияси учун янги ўқув курси старт олади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!