АҚШ компанияси билан чиқиндиларни бошқариш соҳасида ҳамкорлик қилинади

АҚШ компанияси билан чиқиндиларни бошқариш соҳасида ҳамкорлик қилинади

Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда маиший чиқиндиларнинг йиллик ҳосил бўлиш ҳажми прогнози 14-14,5 миллион тонна атрофида баҳоланиб, аҳолининг ўртача 1,5 фоизга кўпайиш суръатини ҳисобга олганда, ушбу кўрсаткич 2028 йилга келиб 16-16,7 миллион тоннага етиши мумкин. Зеро, ушбу чиқиндилар аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳит учун хавфли ҳисобланади. Боз устига чиқиндилар аҳоли пунктларининг санитария ва экологик ҳолатига, мамлакат имижига салбий таъсир кўрсатади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида АҚШнинг “Biologic International LLC” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда вазирликнинг Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази раҳбари Шарифбек Ҳасанов, “Biologic International LLC” компанияси бошқарувчи ҳамкори Кешав Ражпал ва “ Saviday” компанияси ҳамкори Сеан МcEллинлар иштирок этди.

Учрашув доирасида делегация масъул вакиллари томонидан компаниялар фаолияти хусусида тўхталиб ўтилди. Хусусан, чиқиндиларни бошқариш, қайта ишлаш ва ундан энергия олишга қаратилган фаолият юзасидан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишга доир истиқболли лойиҳалар юзасидан сўз юритилди.

Шунингдек, биоэтанол ва биометан ишлаб чиқариш учун органик чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш, органик чиқиндиларни саралаш каби қатор масалалар ҳам муҳокама қилинди. Мулоқот жараёнида мамлакатимизда инвесторлар учун яратилган қулай имкониятлар, айниқса, чиқиндиларни бошқариш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва солиқ имтиёзлари хусусида компания вакилларига батафсил маълумотлар берилди.

Якунда самарали ҳамкорлик ўрнатиш ва келгусида йирик лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш борасида келишувга эришилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!