Apple Хитой талабига биноан WhatsApp, Telegram ва Signal’ни хитойча App Store’дан олиб ташлади

Apple Хитой талабига биноан WhatsApp, Telegram ва Signal’ни хитойча App Store’дан олиб ташлади

Хитой Apple’дан бир қатор иловаларни, жумладан WhatsApp, Telegram, Signal, Line ва Threads мессенжерларини App Store’дан олиб ташлашни талаб қилди. Компания ушбу талабни бажаришга рози бўлди. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар қилди, дея ёзмоқда Газета.uz.

Хитойнинг кибермакон маъмурияти сиёсий мазмун, жумладан, ХХР етакчисига нисбатан «шубҳали» ҳаволалар борлиги сабаб Apple’дан WhatsApp ва Threads’ни онлайн дўкондан олиб ташлашни сўради, деб ёзди The Wall Street Journal манбага таяниб. Apple вакилининг айтишича, сабаб бу эмас.

«Биз фаолият юритаётган мамлакатлар қонунларига, ҳатто уларга рози бўлмасак ҳам, риоя қилишимиз керак», — деди Apple вакили.

Bloomberg таъкидлашича, иловаларнинг ўчирилиши АҚШ ҳукумати мамлакатда TikTok ижтимоий тармоғини тақиқлаш чораларини кўраётгани фонида содир бўлмоқда.

Bloomberg шунингдек, Пекин узоқ йиллар давомида мамлакатда хорижий мессенжерлар ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклаб қўйганини, бу эса WeChat каби маҳаллий иловаларнинг бозорда ҳукмронлик қилишига ёрдам берганини таъкидлайди. Бироқ, хитойлик фойдаланувчилар ҳали ҳам VPN орқали хорижий иловалардан фойдаланишлари мумкин.

WhatsApp’га эгалик қилувчи Meta компанияси вакили Bloomberg’га Apple’нинг изоҳларини ҳавола қилди. Telegram ва Signal вакиллари иловаларнинг дўкондан олиб ташланишига изоҳ беришмади.

2023 йил ёзида Хитой расмийлари ишлаб чиқувчилардан 2024 йил мартигача мобил иловаларни тартибга солувчи органда рўйхатдан ўтказишни талаб қилувчи фармонни эълон қилди. Рўйхатдан ўтмаган иловалар дўконлардан олиб ташланиши керак. Фармон онлайн фирибгарликка қарши курашга қаратилган эди, бироқ экспертлар бу кўпчилик иловаларга таъсир қилишини таъкидладилар.

Март ойида АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси TikTok ижтимоий тармоғига эгалик қилувчи Хитойнинг ByteDance компаниясидан ажратилмаса, мамлакатда ундан фойдаланишни тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллаган эди. Қонунчиларнинг айтишича, Хитой ҳукумати ByteDance’ни илованинг америкалик фойдаланувчилари маълумотларини топширишга мажбур қилиши мумкинлиги сабаб TikTok миллий хавфсизликка таҳдид солади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!