“Vatan Qalqoni” ҳарбий-ватанпарварлик оммавий югуриш мусобақасига старт берилди

“Vatan Qalqoni” ҳарбий-ватанпарварлик оммавий югуриш мусобақасига старт берилди

Тошкентдаги «Янги Ўзбекистон» боғида олий ҳарбий ўқув муассасалари битирувчилари иштирокида “Vatan Qalqoni” ҳарбий-ватанпарварлик оммавий югуриш мусобақаси бошланди.

Ушбу тадбир Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларида ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш,чидамлиликни ривожлантириш ва куч тузилмалари вакилларини бирлаштириш мақсадида ташкил этилди.

Мусобақа иштирокчилари 3 км. масофада ўзаро рақобатлашмоқда.

Шунингдек, бугун мамлакатимизнинг 16 та шаҳрида Халқаро олимпия куни, Болаларни ҳимоя қилиш куни ва Ёшлар кунига бағишланган BYD “Yangi Nafas” анъанавий оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтаётир.

Ўзбекистон Спорт, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Олий таълим, фан ва инновациялар, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, Миллий олимпия қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Касаба уюшмалари федерацияси, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси томонидан ўтказилаётган BYD “Yangi Nafas” ва “Vatan Qalqoni” оммавий югуриш мусобақаларида мактаб ўқувчилари, талабалар, сайёҳлар, тадбиркорлик ва давлат тузилмалари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, жамоат арбобларидан иборат 60 мингга яқин киши иштирок этаяпти.

Маълумот ўрнида: Андижон, Наманган, Фарғона, Нурафшон, Навоий, Гулистон, Жиззах, Самарқанд, Термиз, Қарши, Бухоро, Қоровулбозор, Ғузор, Урганч ва Нукус шаҳарларининг марказий кўчалари бўйлаб ўтаётган анъанавий оммавий югуриш мусобақаси масофаси ҳам 3 километрни ташкил этади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!