Тошкентга сифатсиз гўшт етказиб бераётган жиноий гуруҳ қўлга олинди

Тошкентга сифатсиз гўшт етказиб бераётган жиноий гуруҳ қўлга олинди

Халқимиз саломатлигини сақлаш, унинг турмуш фаровонлигини оширишдек муҳим вазифа ижросини таъминлаш бевосита истеъмол бозоридаги маҳсулотларнинг сифат даражаси, яроқлилик муддати каби омиллар билан чамбарчас боғлиқ. Шу боисдан ҳам ҳар бир маҳсулотни истеъмолчига етказиб беришдан аввал унинг инсон ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига нечоғлик жавоб бериши ваколатли органлар, хусусан, давлат санитария эпидемиология назорати марказлари томонидан текширишдан ўтказилиши лозим.

Бироқ ҳаётда шундай кимсалар ҳам борки, улар бемалол сифат назорати  текширувларини четлаб ўтишдан, ўзгалар ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиш эвазига мулкий наф кўришдан заррача тап тортишмайди. 

Қуйида шундай ғараз ният билан қинғирликка қўл урган Хамроев Хакназар ва Хафизов Назиржоннинг кирдикорлари хусусида тўхталамиз.

Косон туманида истиқомат қилувчи Хамроев Хакназар қассобликнинг сир-асрорини ўрганаётганида бу ҳунар ҳалоллик, покизалик каби юксак инсоний фазилатларга амал қилинсагина қут-барака келтиришини негадир англаб етмади. У ўша кездаёқ бозорга сифатли гўшт маҳсулоти етказиб беришдан кўра, қандай бўлмасин, тезроқ чўнтагини қаппайтиришни мақсад қилиб олади. Шу боисдан ҳам тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтишни хаёлига ҳам келтирмади. Хафизов Назиржонни ёнига олиб,  ўзича маслаҳат қилган бўлди. Ўзаро суҳбат асносида улар Тошкент шаҳридаги бозорларга кўп миқдорда гўшт етказиб беришга келишиб олишди.

— Битта сигирни майдалаб сотсанг, сариқ чақага зўрға эга бўласан, ундан кўра тайёр сўйилган гўштни тўплаб сотсанг, мўмайроқ соққа қиласан, — дейди Хакназар Назиржонга ўзини доно деб кўрсатиб.

Назиржон ҳам унга заррача эътироз билдирмади, аксинча, акасининг мўмай даромад орттиришга қаратилган ғараз мақсади унга ҳам мойдек ёқиб тушди. Хуллас, ўзаро келишувига мувофиқ, улар арзон гушт излашга тушган, таниш-билиш қассоблардан арзон ва ўтмай қолган гўштларни йиғиб олиб, таниши  Б.Қиличев билан оғзаки равишда келишиб, Б.Қиличевнинг бошқарувидаги оқ рангли, “ISUZU NQR71PL” русумли, 30 F 213 UA давлат рақам белгили юк автомашинага сифатсиз гўштларни жойлаштирилиб, Тошкент томонга йўл олди, бироқ Б.Қиличев ўзининг бошқарувидаги юк автомашинасида 2021 йил 10 февралда Тошкент шаҳрига ҳаракатланиб кетаётган вақтида Сирдарё вилояти, Сирдарё туманидан чиқиш қисмида жойлашган ЙПХ масканида тўхтатилиб кўздан кечирилганда 210 кг. сифатсиз гўшт маҳсулоти аниқланиб, ашёвий далил тариқасида олинди.

Сирдарё вилоят ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказининг ҳамда Сирдарё вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармасининг хулосаларига кўра, Б.Қиличев бошқарувидаги автомашинасидан ашёвий далил тариқасида олиб қўйилган 210 кг майда ва йирик шохли мол гўшти истеъмолга яроқсизлиги, ушбу маҳсулотларда “ичак таёқчалари” намуналари борлиги, инсонлар ҳаёти учун хавфли эканлиги, яъни инсонлар истеъмол қилганда заҳарланиш ҳолатлари юзага келиши, бир сўз билан айтганда, истеъмолга мутлақо яроқсизлиги аниқланган ва тегишли тартибда йўқ қилинди.

Суд ишни атрофлича кўриб чиқиб, судланувчилар Хамроев Хакназар ва Хафизов Назиржонни Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор, деб топди ва уларга қонуний жазо тайинлади.

Шу зайлда инсон саломатлигига жиддий таҳдид солувчи ёки унинг ҳаётини хавф остида қолдирувчи гўшт маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келган айбдорлар қонун олдида жавоб беришга мажбур бўлишди. Агар улар тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, қонун доирасида фаолият юритганида, энг муҳими, ўз юртдошлари дастурхонига сифатли гўшт маҳсулотларини етказиб берганларида элнинг дуосини олган, кўпчилик олдида уятга қолмаган бўлишарди.

Зеро, халқимиз «Ҳалоллик ҳузур-ҳаловат, нопоклик эса, афсус-надомат келтиради», деб бежизга айтмаган.

Бахтиёр Мамадаминов,
Сирдарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!