Самарқандда ўғлига жарима белгилаган ЙПХ ходимига тош отган ота 15 суткага қамалди

Самарқандда ўғлига жарима белгилаган ЙПХ ходимига тош отган ота 15 суткага қамалди

Самарқанд вилоятида хавфсизлик камарини тақмасдан келган ҳайдовчига маъмурий баённома расмийлаштирган ЙПХ ходимини ҳақорат қилиб, унга тош отган фуқаро жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 15 сентябрь куни соат 12:00 ларда Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ходими тасдиқланган дислокацияга асосан Нуробод тумани «Жом» МФЙ ҳудудидан ўтувчи Самарқанд—Қарши А-378 автомобиль йўлининг 32-километрида хизмат фаолиятини олиб бораётган вақтида Kia Bongo автомобилини тўхтатиб, текширган. Ҳайдовчи хавфсизлик камарини тақмасдан ҳаракатлангани сабаб унга маъмурий баённома расмийлаштирилган.

18 сентябрь куни эса ушбу ЙПХ ходими туманнинг «Оқсой» МФЙ ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлида хизмат олиб бораётганида ҳайдовчининг отаси келиб, «Нима сабабдан ўғлимга маъмурий баённома тузасан?» дея турли сўзлар билан ҳақорат қилган.

Шунингдек, у ЙПХ ходимига тош отиб қувлаган ҳамда Паст Дарғом тумани «Чархун» қўрғонида жойлашган ЙПХ масканига қадар ортидан таъқиб қилиб, ходимнинг хизмат машинасини қисиб тўхтатган. Мазкур транспорт воситасининг ҳужжатлари текширилганда ҳайдовчи бирор-бир ҳужжатни тақдим эта олмаган. Шу сабабли ҳайдовчига маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдонига қўйилган.

ЙПХ ходимининг хизмат фаолиятига халақит берган ва уни ҳақорат қилган ҳайдовчининг отаси нарколог шифокор кўригидан ўтказилганида унинг маст экани аниқланган. Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Паст Дарғом судида кўриб чиқилган. Суднинг 21 сентябрдаги қарори билан ушбу фуқаро маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!