Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида соғлиқни сақлаш бўйича ҳамкорлик кучайтирилади

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида соғлиқни сақлаш бўйича ҳамкорлик кучайтирилади

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева 30 апрель куни Жанубий Корея Миллий ассамблеясининг Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот қўмитаси раиси Шин Донг Гинни қабул қилди.

Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик, парламентлараро алоқаларнинг амалдаги ҳолати ва келгусидаги ривожи, шунингдек, Ўзбекистон ва Корея ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда режалар муҳокама қилинди.

Учрашувда мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни кенгайтириш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш учун мавжуд салоҳиятдан фойдаланиш лозимлиги айтиб ўтилди.

Мулоқот давомида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, хусусан, соғлиқни сақлаш йўналишида янги лойиҳаларни жумладан, ҳамкорликда янги тиббиёт марказларини ташкил этиш, фармацевтика кластерларини ишга тушириш, кадрлар тайёрлаш, ҳудудий тиббиёт муассасаларини илғор ускуналар билан жиҳозлаш юзасидан фикр алмашилди.

Суҳбат чоғида кейинги йилларда парламентлар ўртасидаги алоқалар фаоллашгани, дўстлик гуруҳларининг яқин мулоқоти йўлга қўйилганига урғу берилди. Шу билан бирга, Олий Мажлиси Сенатида Корея Республикаси Миллий ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича махсус комиссиянинг тузилгани республика раҳбарияти томонидан икки томонлама ҳамкорликка катта эътибор қаратилаётганининг ифодаси экани эътироф этилди.

Олий даражадаги келишувлар ва қўшма лойиҳаларнинг ушбу комиссия доирасида муҳокама қилиниши уларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилишига кўмак бераётгани айтиб ўтилди.

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси ҳамда Корея Республикаси Миллий ассамблеясининг Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот қўмитаси билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш орқали оналар ва болалар саломатлиги, репродуктив кўрсаткичларни яхшилаш, ирсий касалликларнинг олдини олиш, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари учун волонтёрларни жалб қилиш йўналишларида ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!