Бош прокуратура: 3,5 мингдан зиёд жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ўтказилди

Бош прокуратура: 3,5 мингдан зиёд жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ўтказилди

Жиноят оқибатида етказилган 828,4 миллиард сўм ундирилди.

Прокуратура органлари аҳоли манфаатларини, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қандай ишларни амалга оширмоқда?

Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов маълумот берди:

– Прокурорлар секторларидаги “Темир дафтар”га киритилган 5 мингдан зиёд оила, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган 243 минг 456 нафар хотин-қиз ва 18 минг 84 нафар ёшларга кўмак бериш ишлари давом эттирилди.

“Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор кучайтирилди. Жорий йилнинг ўтган даврида 1 минг 731 нафар ёшнинг иш билан таъминланишида, 406 нафарининг тадбиркорликка жалб этилишида, 2 минг 871 нафари ўзини ўзи банд қилишида, 2 минг 369 нафарининг турли курсларида ўқитилишида ва 6 минг 407 нафарига контракт пули тўлаб берилишида кўмаклашилди.

1,2 мингдан зиёд маҳаллага прокуратура ходимлари бириктирилиб, “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда ёшларни хатловдан ўтказиш ишлари амалга оширилди. Хатлов якунларига кўра, 500 мингга яқин оталиққа олинадиган ёшларнинг рўйхати шакллантирилди. Бу жараёнда “оғир”, “жиноят содир этишга мойил” ва “ишсиз” ёшларнинг муаммоларини бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасидаги вазифалар ижроси устидан назорат кучайтирилди. Бу борадаги қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 258 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди. Қўпол қонунбузилиши бўйича 25 жиноят иши қўзғатилди, 984 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Ушбу соҳада ўтказилган ўрганишларда 26 мингдан зиёд янги иш ўрни ҳисоботларда қўшиб ёзилгани аниқланди ва айбдор шахслар жавобгарликка тортилди. Бундан ташқари, кечиктирилган 400 миллион сўм иш ҳақи ундириб берилди. 257 маротаба бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркалари ўтказилиб, уларда 2 минг 693 нафар фуқаро ўзига мос иш топишга муяссар бўлди.

Тадбиркорларнинг фаолиятига ноқонуний аралашув ва бюрократик тўсиқларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 801 нафар тадбиркорга 165 миллиард сўмлик кредит, 289 нафарига лицензия ва рухсатнома берилишида, 1 минг 655 нафарига коммуникация тизимларига уланишида амалий ёрдам кўрсатилди. Прокуратура кўмаги билан 1 минг 146 янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. 2 минг 285 субъектнинг фаолияти тикланди, 4 минг 402 янги иш ўрни яратилиши таъминланди.

Бош прокурор кўрсатмаси билан йирик хорижий инвестиция лойиҳаларига вилоят прокурорлари ҳамда ўрта лойиҳаларга туман прокурорлари бириктирилди. Хорижий инвестицияларни ўзлаштириш билан боғлиқ 200 дан ортиқ муаммо “Тез ёрдам” тамойили асосида бартараф этилди.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида юзага келган 155 муаммоли масала аниқланиб, 61 таси жойида бартараф этилди. Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган 94 муаммонинг ҳал этилишини таъминлаш бўйича “Чора - тадбирлар режаси” ишлаб чиқилиб, ижроси назоратга олинди.

Ҳудудларни ижтимоий - иқтисодий ривожлантиришга доир дастурлар ижроси назоратга олиниб, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, бу борада жорий йилда бюджетдан 20,8 триллион сўм маблағ ажратилиши ва 1,8 мингдан зиёд объектда қурилиш -таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланган. Кўрилган чоралар натижасида лойиҳа ҳужжатларидаги 1,3 триллион сўмлик қиймат мақбуллаштирилиб, бюджетдан ортиқча маблағ харажат қилинишининг олди олинди.

Вазирликларда бюджет интизомини мустаҳкамлаш мақсадида Бош прокуратура, Ҳисоб палатаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда республика ва ҳудудий ишчи гуруҳлар тузилди. Улар томонидан амалдаги меъёрларга нисбатан 3 минг 619 штат бирлиги ҳамда бошқа тўловларнинг нотўғри режалаштирилгани аниқланиб, 452,1 миллиард сўм ортиқча маблағ сарфланишининг олди олинди.

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида кўрилган чоралар натижасида маҳаллаларнинг 76 фоизида жиноят қайд этилмади. 19,4 фоизида жиноятчилик барқарор сақланиб қолинишига ва камайишига эришилди. Тезкор -қидирув соҳасида ноаниқ шароитларда содир этилган 6 минг 876 жиноят фош этилиши ҳамда қидирувда бўлган 2 минг 106 нафар шахснинг ушланиши таъминланди.

Қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш чоралари доирасида суриштирув ва тергов органларининг 17 минг 164 нафар шахсга нисбатан 13 минг 686 жиноят иши ўрганилди ва судларга юборилди. Прокуратура органлари томонидан 3,5 мингдан зиёд жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ўтказилиб, 2 минг 23 жиноят иши судларга юборилди. Жиноят оқибатида етказилган 828,4 миллиард сўмлик зарар ундирилди.

Бош прокуратуранинг электрон иш юритиш дастури мунтазам такомиллаштирилмоқда. Рақамлаштириш билан боғлиқ учта янги дастур амалиётга жорий қилинди. “Электрон ҳукумат” дастури доирасида вазирлик ва идораларнинг 75 дан ортиқ ахборот тизими Бош прокуратуранинг ахборот тизими билан интеграция қилинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!