“Ота-онанинг ўз фарзандига шахсан ўзи диний таълим бериш ҳуқуқи дахлсиз” — Одилжон Тожиев

“Ота-онанинг ўз фарзандига шахсан ўзи диний таълим бериш ҳуқуқи дахлсиз” — Одилжон Тожиев

Ўзбекистонда болани ноқонуний диний таълим олишга жалб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Одилжон Тожиев буни айримлар нотўғри талқин қилаётгани сабаб бола ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга оид қонун лойиҳаси бўйича изоҳ берди.

“Таълим тўғрисида”ги қонунга кўра, боланинг умумий ўрта, ўрта махсус таълим олишини таъминлаш, унинг интеллектуал, маънавий ва жисмоний ривожланишига шароит яратиш ота-оналар мажбурияти ҳисобланади. Бироқ Одилжон Тожиевнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда болаларнинг ноқонуний диний сабоқ олишига, давлатнинг мажбурий таълим тизими таъсиридан четда қолишига ҳамда уларда бирёқлама дунёқараш ва мутаассиблик кайфияти шаклланишига ота-оналарнинг ўзи сабабчи бўлиб қолмоқда.

Хусусан, ноқонуний диний таълим бериш асосан ота-оналар ташаббуси билан “ҳужра” шароитида ташкил этилмоқда. Охирги 5 йилда “ҳужра”да диний таълим олган 9 705 нафар бола аниқланган.

Аксарият ҳолларда ота-оналар ўз болаларини диний таълим бериш ҳуқуқи бўлмаган ташкилот ёки шахс ихтиёрига бир неча ойга қаровсиз ташлаб кетиши кузатилмоқда. Бу орада бола тўлақонли шахс сифатида ривожланиши учун зарур бўлган муҳитдан узилиб қолмоқда.

“Айрим ҳолларда эса, бола тўғридан тўғри жисмоний, жинсий психологик тажовузга учраётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди”, — дейди Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари.

Шу муносабат билан болани бундай хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилиш мақсадида “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда ота-оналар томонидан болани диний таълим бериш ҳуқуқи бўлмаган ташкилот ёки шахс ихтиёрига диний таълим олиши учун топширишга йўл қўйилмаслиги киритилмоқда.

“Юқоридаги хатти-ҳаракат юридик тилда ‘болани қонунга хилоф равишда диний таълим олиш жараёнига жалб қилиш’ деб баён қилинган. Қисқа қилиб айтганда, ота-она боласини ‘ҳужра’га топширса, жавобгар бўлади. ‘Ҳужра’лар фаолияти эса кўп йиллардан бери қонун билан қатъий таъқиқланган.

Юқоридаги кафолатни бузганлик учун эса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасида болани қонунга хилоф равишда диний таълим олишга жалб қилганлик учун ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга жавобгарлик белгиланмоқда”, — дейди Одилжон Тожиев.

Унинг таъкидлашича, бу нарса ота-онанинг ўз фарзандига диний сабоқ, таълим-тарбия беришига умуман алоқаси йўқ. Чунки бу ҳар қандай ота-онанинг ўз фарзандини шахсан ўзи тарбия қилиш бўйича дахлсиз ҳуқуқи ҳисобланади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!