Туркия фуқароси бўлган 4 минг яҳудий Ғазога бориб, бегуноҳ фаластинликларни қирғин қилишда қатнашган
Туркия Исроилдаги урушда қатнашаётган мамлакат паспортига эга барча яҳудийларни фуқароликдан маҳрум этиши мумкин. Бу ҳақдаги қонун лойиҳаси сунний курдлар партияси HÜDA-PAR томонидан парламентга тақдим этилди.
Türkiye Gazetesi нашрининг ёзишича, 7 октябрдан буён Ғазода 38 минг бегуноҳ фаластинликларнинг қонини тўккан сионист аскарларининг 4 минг нафари турк паспортига эга экани аниқланган. Улардан 400 нафари Туркиядан кетгани маълум бўлди. Исроилда Туркия паспортига эга 250 минг киши яшайди. Туркиянинг ўзида эса икки давлат фуқаролари бўлган 20 мингга яқин яҳудий истиқомат қилади. Айни пайтда улар Исроил учун ҳарбий хизмат қилмоқда.
Қайд этилишича, туркиялик 4 минг сионист нафақат Исроилда ҳарбий хизматни ўтаган, балки Ғазога бориб, фаластинликларга нисбатан геноцидда бевосита иштирок этган. Текширувларга кўра, уларнинг аксарияти ишғолчи давлатга Туркиядан эмас, балки учинчи давлатлар орқали ўтган. Қотиллар ўзларининг номини ошкор қилмаслик учун турли исмлардан фойдаланган. Дўстлар уюшмаси, CHABAT ва Исроилдаги Турк халқлари иттифоқи ушбу жараёнда фаол иштирок этган. Маълумотларга кўра, Ғазода 7 октябрдан бери камида 65 нафар Туркия фуқароси ўлдирилган ҳамда 110 нафари жароҳатланган.
Исроилда 18 ёшга тўлган ҳар бир фуқаро мажбурий ҳарбий хизматга тортилади. 1950 йилда Исроилда қабул қилинган қонунга биноан бутун дунёдаги яҳудийлар автоматик равишда Исроил фуқаролигини олади. Дўстлар уюшмаси Туркияда яшовчи яҳудийларнинг Исроилга олиб кетилиши ва ҳарбий хизматга жалб этилиши учун жадал ишлаяпти. Бошланғич мактабдан бошлаб сионизм учун қўриқчилар тайёрлайдиган уюшма Туркияни тарк этадиганларга молиявий ёрдам ва Исроилда яшаш учун кенг имкониятларни ваъда қилади.
Туркияда яшаётганлар эса Исроил томонида туриб, мусулмонларни қирғин қилишдан тап тортмаяпти. Турк паспортига эга тўрт мингга яқин яҳудий Ғазода тўққиз ойдан бери давом этаётган уруш жиноятларида қатнашяпти. Бу рақам захирадаги аскарлар ва кўнгиллиларни ҳисобга олганда 10 мингдан ҳам ошади. Туркияни тарк этган ва Исроилда яшовчи яҳудийларнинг рўйхати Тель-Авивда жойлашган Турк халқлари иттифоқи деб номланган уюшмада мавжуд. Айни пайтгача ассоциациянинг 120 мингдан ортиқ расмий рўйхатдан ўтган аъзоси бор. CHABAT деб номланган сионистик ташкилот эса Исроилдан ташқарида яшовчи яҳудийларни топиш ва уларни ишонтиришни ўз зиммасига олади.
Нашрнинг ёзишича, Исроилнинг "Темир гумбаз" тизимига масъул генералнинг ҳам Туркия фуқароси эканлиги аниқланган. Исроилда яшовчи ва Туркия фуқаролигини олганларнинг асосий маркази Тель-Авивдаги Батям туманидир. Ҳудудда туркча услубдаги ресторанлар ва қаҳвахоналар мавжуд.