Истеъмолчилар фойдасига қарийб 25 миллион сўм пул ундириб берилди

Истеъмолчилар фойдасига қарийб 25 миллион сўм пул ундириб берилди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига турли мазмундаги  мурожаатлар келиб тушиб,  ўз ижобий ечимини топиб келмоқда. Мисол тариқасида келтирадиган бўлсак, яқинда Қашқадарё вилояти Қарши туманида яшовчи фуқаро С.Туйғунов томонидан мурожаат келиб тушган бўлиб, унда истеъмолчи,  ўз хонадонига «Насаф автотранс  қурилиш» МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилагн турли хил мебель ва жиҳозлар ўрнатилгани, бироқ, у талабларга жавоб бермаслиги, тадбиркорга мурожаат қилган бўлсада ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганини айтиб ўтган. 

Мурожаат ўрганилиши натижасида 12 000 000 ( ўн икки миллион)  сўм маблағ  тадбиркор томонидан  ихтиёрий равишда истеъмолчига қайтариб берилди.

2020 йилнинг  22 октябрь  куни эса Наманган вилояти Чуст туманида яшовчи  фуқаро Т.Мирзаматовнинг Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг  1091 ишонч телефони орқали мурожаат қилган.  

Маълум қилинишича,  2019 йилнинг  27 декабрь  куни  Чуст шаҳрида жойлашган  «Гранд Профиль» корхонаси раҳбари Ф.С. билан ўзаро келишиб,  хонадонига  АКФА  эшик ва  дераза ромлари ўрнатиш бўйича шартнома    тузилган. Шартноманинг умумий баҳоси 11 миллион сўм бўлиб, буюртмани 20 кун муддатда бажариб, мижозга топширилиши айтилган. Бироқ, орадан бир йил ўтган бўлсада, буюртмачининг хонадонига  АКФА  ром ва эшикларнинг асосий  қисмларини ўрнатиб, 10 миллион сўм  миқдордаги пулни олиб кетган. Ойна, устун қопламалари ва ойна ости токчалари чала қолган. Буюртмачининг бир неча маротаба  мурожаат қилишига  қарамай, тадбиркорнинг «эрта – индин»и тугамаганини таъкидлаган.

Мазкур мурожаат қонуний ҳал этиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судига пулни ундириш юзасидан даъво аризаси киритилди. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг ҳал қилув қарорига асосан жавобгардан ишни муддатида бажарилмаган қисми учун  2 054 612 сўм ҳамда 5 миллион сўм пеня,  жами 7 054 612 сўм миқдоридаги маблағни Т.Мирзаматов фойдасига ундириб берилишига эришилди.

Яна бир ҳолат Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида Шерхон Худойқулловнинг Ўзбекистон  Республикаси  Президентининг ишонч  телефони орқали қилган мурожаати Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига келиб тушди.

Унда айтилишича, истеъмолчи  Қарши шаҳрида жойлашган Ғуломова Замира Ғиёс қизига қарашли савдо дўконидан 2 700.000 сўмга  сотиб олинган рангли телевизорнинг нуқсони борлиги сабабли сотувчига мурожаат қилган бўлсада, ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган. Аммо Федерация аралашуви билан муаммо бартараф этилди.

Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида яшовчи фуқаро О.Разумов ҳам Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 1091 ишонч телефони орқали мурожаат қилди. Унда истеъмолчи фарзандининг туғилган кунига совға  1 650 000 (бир миллион олти юз эллик минг) сўм эвазига Samsung Galaxy А10с русумли телефон сотиб олади. Лекин уйга келиб телефонга сим карта ўрнатилгач, унинг микрофони ишламаслиги маълум бўлади. Тадбиркорга мурожаат қилади. У эса «Samsung servis-center» га юборади. Сервис марказидагилар телефонни таъмирлаш билан шуғулланишларини, пулини қайтариш талабини сотувчига қўйиши кераклигини айтиб, уни қайтариб юборадилар. Тадбиркор эса турли баҳоналар билан уни рад этади. Мазкур мурожаат Фарғона шаҳар жамияти ходимлари томонидан ўрганилиши натижасида истеъмолчига 1 650 000 (бир миллион олти юз эллик минг) сўм пул маблағини қайтарилишига эришилди.

Ҳурматли истеъмолчи, агарда сизнинг ҳуқуқларингиз бузилса, Федерациянинг «1091» ишонч телефони ёки @PotrebitelUz_bot орқали мурожаат қилишингиз мумкин.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!