Испания авиакомпанияси Тошкентга тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйди

Испания авиакомпанияси Тошкентга тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйди

23 май куни World2Fly авиакомпаниясининг Мадриддан келган биринчи чартер рейси Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига қўнди.

Биринчи чартер рейсда 290 нафар йўловчи, жумладан, сайёҳлар, Испаниянинг йирик туризм операторлари, журналист ва блогерлар келди. Чартер рейслар июнь ойи охиригача давом этади ва 2024 йил сентябрдан октябрга қадар қайта тикланади.

“Avrud” туроператори томонидан ташкил этилган мазкур чартер рейснинг мақсади Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва туризмни ривожлантиришдир. Ушбу саёҳат доирасида испаниялик туристлар мамлакатимизнинг тарихий шаҳарлари – Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивага ташриф буюришади.

– Испаниядан Ўзбекистонга парвозларни ташкил этиш Ғарбий Европадан юртингизга йўловчилар оқимини ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлади, – дейди “W2M Travel” менежери Ҳуго Ромеро.

World2Fly – 2020 йилда ташкил этилган ва штаб-квартираси Пальма-де-Майркада жойлашган. Авиакомпаниянинг истиқболдаги режалари қаторига яна ҳам кўпроқ чартер рейсларини амалга ошириш ҳамда Испания ва Ўзбекистонда туризм бозорини ривожлантириш киради.

2024 йил бошида Каннак сайёҳлик компанияси директори Карлос Флоридо мазкур чартер рейслар доирасида Ўзбекистонга сайёҳлик йўналишини ишлаб чиққанини айтганди. 2023 йил мамлакатимизнинг Мадриддаги элчихонасида Испания сайёҳлик компанияси раҳбари билан ушбу давлатдан Ўзбекистонга тўғридан-тўғри ва чартер ҳаво қатновларини йўлга қўйиш ҳамда мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини Испания ва Лотин Америкаси ҳудудларида тарғиб этиш орқали туристлар оқимини ошириш муҳокама қилинганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!