ҲАМАС етакчиси Истанбулга ташриф буюрди

ҲАМАС етакчиси Истанбулга ташриф буюрди

ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси етакчиси Исмоил Ҳания Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашиш учун Истанбулга келди. Бу ҳақда Anadolu нашри хабар берди.

Манбада айтилишича, икки сиёсий раҳбар ўртасидаги учрашув ва музокаралар Долмабахче саройида, ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган. Туркия расмий нашрлари музокараларнинг асосий тафсилотларини ҳозирча маълум қилмаган.

17 апрель куни Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан Доҳада Исмоил Ҳания билан учрашиб, Ғазодаги сўнгги можарони муҳокама қилгани ҳақида хабар берилган эди. Фидан ва Ҳания учрашувда Ғазо секторига гуманитар ёрдам кўрсатиш, ўт очишни тўхтатиш, шунингдек, гаровга олинганларга оид масалаларни кўриб чиққан.

Туркия раҳбарияти ҲАМАС етакчиси ташрифи мамлакат учун катта маъно англатишини маълум қилган. Учрашув бош мавзуларидан бири Фаластиннинг БМТ аъзолигига қабул қилиниши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Исроил давлати, халқаро суднинг вақтинчалик қарорини бузган ҳолда, Ғазо секторига ҳужумини давом эттирмоқда. Фаластин соғлиқни сақлаш идоралари маълумотларига кўра, 7 октябрдан бери камида 34 049 фаластинлик, асосан, аёллар ва болалар ҳалок бўлган. 76 901 нафар фуқаро жароҳатланган.

Исроилга нисбатан Халқаро суд геноцид айбловини эълон қилган. Январь ойида чиқарилган қарор Тель-Авивга геноцид ҳаракатларини тўхтатиш ва Ғазодаги тинч аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатилишини кафолатлаш чораларини кўришни буюрган. Бироқ жанговар ҳаракатлар тўхтовсиз давом этмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!