Фирдавс Абдухолиқов “НАЭСМИ”ни 2,7 млрд сўм қарз билан қолдирган

Фирдавс Абдухолиқов “НАЭСМИ”ни 2,7 млрд сўм қарз билан қолдирган

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясига собиқ раис Фирдавс Абдухолиқовдан 2,7 млрд сўмлик қарз “мерос” бўлиб қолган. Бу ҳақда, Kun.uz манбаларига кўра, ташкилотнинг янги раиси Шерзодхон Қудратхўжа 4 май куни ўтказилган ассоциациянинг ҳисобот йиғилишида маълум қилган.

Қудратхўжа Kun.uz билан суҳбатда бу маълумотни тасдиқлашни истамади, бироқ инкор ҳам этмади. Шу билан бирга, бу масалада изоҳ беришни рад этди.

4 май куни Тошкентдаги “Hilton” меҳмонхонасида ўтган йиғилишда қатнашган икки манбанинг билдиришича, ташкилотнинг янги раҳбари ассоциация ўз аъзоларидан 2,7 млрд сўм қарздор эканини айтиб, буни ҳал қилиш учун иқтисодий ривожланиш концепцияси ишлаб чиқилаётганини маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, қарздорликнинг келиб чиқиши шартномаларнинг “бироз нотўғри тузилгани” ва “кераксиз нарсалар”, хусусан техникалар харид қилингани билан боғлиқ.

Ассоциация раиси муаммо ечими учун аъзолардан унга бироз вақт беришларини сўраб, қарзни ундириш мақсадида судга мурожаат қилишмагани учун миннатдорчилик билдирган.

Мазкур йиғилишда ЭОАВМА номини Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси деб ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ассоциацияга Аброржон Пўлатов бош директор этиб тайинланди.

Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси – нодавлат-нотижорат ташкилот бўлиб, 18та нодавлат телеканал, 19та радиоканал ва кабел телевидениесига аъзо 100та электрон ОАВни ўз ичига олган.

Ташкилотни 19 йил давомида бошқариб келган Фирдавс Абдухолиқов 2022 йил феврал ойида истеъфо берган, бу унинг давлат амалдори сифатида коррупцион можаро фигурантига айланиши фонида рўй берганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!