Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръати 6,2 фоизгача тезлашди

Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръати 6,2 фоизгача тезлашди

Марказий банк томонидан эълон қилинган 2024 йилнинг I чораги учун пул-кредит сиёсати шарҳида маълум қилинишича, жорий йилда пул ўтказмалари миқдори 12-12,5 миллиард доллар атрофида шаклланиши мумкин. Регулятор аҳоли учун энергия ресурслари нархи оширилишининг умумий инфляцияга бирламчи таъсирини 2,4 фоиз бандга баҳолади ва йиллик инфляция 9-11 фоиз атрофида бўлишини прогноз қилмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, 2024 йилнинг I чорагида иқтисодиётнинг ўсиш суръати 6,2 фоизгача тезлашди. Хизмат кўрсатиш, чакана савдо айланмаси ва қурилиш соҳаларидаги юқори ўсиш суръатлари, шунингдек, ишлаб чиқариш ва тоғ-кон саноати соҳаларида инвестицион фаолликнинг ошиши кузатилди.

Янгиланган прогнозларга кўра, ЯИМ ўсиши йил якунига 5,2-5,7 фоиз оралиғида бўлиши кутилмоқда. Иқтисодий ўсишнинг янгиланган прогнози аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари харажатларидаги таркибий ўзгаришлар ҳисобига келгусида истеъмол талабининг маълум маънода мақбуллашиши билан боғлиқ.

Жорий йилнинг I чораги якунларига кўра, экспорт (олтинсиз) ўсиш динамикаси асосий сценарий прогнозлари доирасида шаклланиб келди. Шу билан бирга, геосиёсий вазиятдаги ноаниқликларнинг давом этиши, жорий йил охирига қадар етакчи марказий банклар томонидан пул-кредит шароитларининг юмшатиш цикли бошланиши ҳақидаги тахминлар ва олтинга бўлган талабнинг ошиб бориши, ўз навбатида, олтин нархи ошишининг асосий омилларидан бўлмоқда.

Юқоридаги омиллар ҳисобига жами экспорт ўсиши 9-12 фоизни, олтинсиз экспорт ўсиши эса 12-14 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда. I чоракда асосий капиталга инвестициялар ҳажмининг реал ўсиши 74,5 фоизни ташкил этиб, ушбу ўсиш сўнгги бир неча йилдаги ўртача кўрсаткичдан сезиларли даражада юқори бўлди. Жорий йилда хусусий инвестициялар, асосан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар умумий иқтисодий фаолликка ҳисса қўшади.

2024 йилнинг I чорагида жаҳонда иқтисодий фаолликнинг яхшиланиши натижасида глобал иқтисодий ўсиш прогнозлари ошириш томонга қайта кўриб чиқилди. Бироқ, фискал рағбатлантиришларнинг қисқариши билан бирга молиявий шароитларнинг қатъийлик даражаси ва геосиёсий хатарлар сақланиб қолиши иқтисодий ўсишни чекловчи омиллар бўлиб қолмоқда.

Баъзи йирик савдо-ҳамкор мамлакатлар иқтисодиётида ҳам бу йил юқори ўсиши кутилмоқда. Хусусан, Россияда юқори талабнинг сақланиб қолаётгани фонида 2024 йилнинг I чорагида ишлаб чиқариш жадал суръатларни қайд этди. Ишбилармонлик муҳити ва шахсий истеъмолнинг мустаҳкамланиши шароитида жорий йил учун Россиянинг иқтисодий ўсиш прогнози сезиларли даражада 3,1 фоизгача (+0,5 ф. б.) оширилди.

Жорий йилнинг I чорагида экспортнинг (олтинсиз) ўсиш динамикаси асосий сценарий прогнозлари доирасида шаклланган. Жаҳонда атом энергетикасининг роли ортиб бораётганлиги сабабли уран қимматлашиши ва Хитой ишлаб чиқариш секторидаги ижобий тенденциялар туфайли мис нархининг ўсиши жорий йилда олтинсиз экспорт динамикасини қўллаб-қувватлаши мумкин.

Шу билан бирга, пахта нархи чоракнинг дастлабки ойларидаги кескин ўсишидан сўнг ўтган йилги қийматларга қайтган бўлса, нархнинг кейинги траекториясида юқори ноаниқлик сақланиб қолмоқда.

Ҳисобот даврида импортнинг ўсиш суръати бироз пастроқ шаклланиб, ушбу пасайиш ўтган йилги транспорт воситалари импорти фонида юзага келган юқори база билан изоҳланган. I чоракда машина ва асбоб-ускуналарсиз импортнинг ўсиши динамикаси қарийб 8 фоизни ташкил этган. Жорий тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда импорт ўсиш прогнози 10-12 фоиз даражасида сақланиб қолиши кутилмоқда.

Валюта курсларида сезиларли тебранишлар кузатилмаган тақдирда, пул ўтказмалари прогнози 2024 йил охиригача 12-12,5 миллиард доллар атрофида шаклланиши прогноз қилиняпти. Январь-март ойларида трансчегаравий пул ўтказмалари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,6 фоизга ошиб, 2,5 миллиард долларга етган. Шу билан бирга, айрим тартибга солинадиган нархлар ва тарифларнинг эркинлаштирилиши ва натижада инфляциянинг тезлашиши ҳисобга олинганда, аҳоли тасарруфидаги реал даромадлар бироз пасайиши, уларнинг таркибий ўзгариши ва бунга мос равишда шахсий истеъмол маълум даражада мақбуллашиши мумкин.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, аҳоли учун энергия ресурсларининг ижтимоий меъёр бўйича нархлари оширилишининг умумий инфляцияга бирламчи таъсири 2,4 фоиз бандни ташкил этиши тахмин қилинмоқда. Юридик шахслар учун энергия тарифлари ўтган йили ошириб бўлингани ва бу ўзгаришлар фақат уй-хўжаликларига нисбатан амалга оширилаётгани ҳисобига унинг иккиламчи таъсири юқори бўлмаслиги кутилмоқда. Ушбу иккиламчи таъсир асосан инфляцион кутилмаларнинг ўзгариш даражаси билан боғлиқ бўлади.

Ўрта муддатли даврда базавий инфляциянинг барқарор пасайиб бориши прогноз қилинмоқда. Шу билан бирга, жорий йилнинг апрель ойидан тиббий хизматлар, дори-дармонлар ва айрим коммунал хизматларга қўшилган қиймат солиғи жорий этилиши қисқа муддатли истиқболда базавий инфляциянинг пасаювчи тенденциясини секинлаштириши мумкин.

Қайд этилишича, аввалги йиллардаги бюджет харажатларининг юқори суръатда ўсиши таъсирлари камайиб бориши билан бир қаторда келгусида фискал интизомга риоя қилиниши ва бюджет харажатларининг йил бошида белгиланган даражалари доирасида амалга оширилиши инфляцияга талаб томондан қўшимча босим шаклланишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Юқоридаги омилларни ҳисобга олиб, янгиланган макроиқтисодий прогнозларга кўра, 2024 йил II чорагида бир марталик таъсирлар ҳисобига умумий инфляция кўрсаткичи ошиши ва нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари давом эттирилиши натижасида йил якунига умумий инфляция 9-11 фоиз доирасида бўлиши кутилмоқда.

Давлат бюджети тақчиллиги I чоракда 19,8 триллион сўмни ёки ЯИМга нисбатан 8,2 фоизни ташкил этган. Мазкур юқори тақчиллик иқтисодиётнинг молиявий ҳолатига потенциал босимни шакллантириб, давлат харажатлари ва даромадлари ўртасидаги сезиларли номутаносибликни акс эттиради.

Сўнгги даврларда (2023 йилнинг III чорагини ҳисобга олмаганда) кузатилган мусбат фискал импулс тенденцияси иқтисодиётда рағбатлантирувчи фискал сиёсат давом этаётганлигини кўрсатади. Юқори фискал тақчиллик қисқа муддатли иқтисодий фаолликни оширса-да, ўрта муддатда потенциал ўсишга ҳамда нархлар барқарорлигига салбий таъсирга эга бўлиши мумкин. Барқарор бюджет-солиқ сиёсатини сақлаб қолиш ва узоқ муддатли иқтисодий барқарорликни таъминлаш учун ушбу тафовутнинг бартараф этилиши муҳим ҳисобланади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!