Ўзбекистон Олий суди 198 нафар қатағон қурбонлари номини оқлади

Ўзбекистон Олий суди 198 нафар қатағон қурбонлари номини оқлади

Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 1930—1938 йилларда суд ҳукми билан ноҳақ жазога тортилган 198 нафар шахс оқланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Олий судга Ўрта Осиёдаги Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси қошидаги Учлик Кенгашларининг махсус йиғилишининг 1930—1938 йиллардаги қарорларига кўра ҳозирги Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Хоразм, Бухоро, Жиззах ва Наманган вилоятлари ҳудудларида аксилинқилобий мақсадларда ҳаракатлар ва қуролли қўзғолонлар, террорчилик, бандитизм ва шпионаж содир этиш, Туркфронт махсус бўлими ҳайъати ҳамда Бутун Россия фавқулодда комиссияси Президиумининг махсус йиғилишининг 1920—1921 йиллардаги қарорларига кўра ҳозирги Фарғона вилояти ҳудудида босмачилик ҳаракатида иштирок этиш ҳамда ЎзССР Олий судининг 1938 йилдаги ҳукмига кўра партия ташкилотларида аксилшўро фаолиятини амалга оширганликда айбланган 198 нафар шахсга оид 11 та жиноят иши келиб тушиб, ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилган.

Бош прокурор ўринбосари томонидан юқорида кўрсатилган жиноят ишлари юзасидан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида протестлар келтирилган.

6 май куни Олий суд раисининг ўринбосари Икром Муслимов раислигида ўтказилган очиқ суд мажлисларида ушбу протестлар кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди ҳамда Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан жами 11 та жиноят иши бўйича 198 нафар шахсга нисбатан Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг оқлов ҳукмлари чиқарилган.

ССРИ Олий суди жиноят судлов ҳайъатининг 1930 йил 21 июндаги ҳукми билан Ўзбекистон ССР Олий суди раиси лавозимида ишлаган Саъдулла Қосимов ва бошқалар (жами 7 киши) Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 63-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, уларга мол-мулкини мусодара қилган ҳолда ўлим ва озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.

Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг бугунги суд мажлисида Саъдулла Қосимовнинг набираси Ф. Саъдуллаев томонидан ушбу ҳукм устидан берилган кассация шикояти ҳамда бош прокурор ўринбосари томонидан ушбу жиноят иши юзасидан келтирилган кассация протести ҳам кўриб чиқилган. Натижада Саъдулла Қосимов ва бошқаларга нисбатан чиқарилган айблов ҳукми бекор қилиниб, уларнинг ҳаракатларида жиноят таркиби мавжуд эмаслиги ҳамда жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли айбсиз деб топилиб, оқланган.

Олий суди томонидан 6 май куни реабилитация қилиниб, оқланган қатағон қурбонларининг тўлиқ рўйхати билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!