Туркиянинг энг янги ва машҳур сайёҳлик поезди Месопотамия Экспресси ўз саёҳатларини бошлади

Туркиянинг энг янги ва машҳур сайёҳлик поезди Месопотамия Экспресси ўз саёҳатларини бошлади

Туркиянинг бетакрор гўзаллигини поездда кашф қилишни хоҳлайсизми? Бундан ташқари, бу саёҳатлар табиат уйғониб, Туркиянинг ҳар бир гўшасини ҳаяжонли манзарага айлантирадиган баҳор ойлари учун мукаммалдир. Месопотамия Эхпресси Туркиянинг энг янги сайёҳлик темир йўли йўналишларидан бири бўлиб, сайёҳларга унутилмас тажрибалар тақдим қилади.

Месопотамия Экспресси Туркиянинг пойтахти Анқара шаҳридан бошланиб, жануби-шарқнинг юраги Диёрбакирда тугайди. Ушбу масофа 1051 километрни ташкил қилади ва йўловчиларга Онадўлининг рамзий шаҳарлари ва йўл давомидаги мафтункор манзараларни кашф қилиш ва маълум йўналишларда узоқ масофали саёҳатларга чиқиш имконини беради.

Анқара ва Диёрбакир ўртасидаги саёҳат Кайсери, Сивас, Малатя, Элазиғ ва Бингол бўйлаб жами 24 соат давом этади. Йўналиш Кайсери ва Малатяда 3 соатлик танаффусни ва Элазиғда 4 соатлик танаффусни ўз ичига олади. Поезд умумий 180 йўловчи ташишга мўлжалланган бўлиб, 9 ётоқли ва битта вагон-ресторандан иборат. Бўлимларда музлатгич, ёритиш ва иситиш, ҳожатхона ва саёҳатчилар учун шкаф мавжуд.

Онадўли маданий йўлларида ноёб манзиллар

Кайсери Эржиес тоғининг этакларида жойлашган ва йўналишнинг тўхташ жойларидан биридир ва Хеттлардан бери кўплаб цивилизацияларнинг ватани бўлган. Шаҳар марказидаги ўрта аср қалъаси ва истеҳкомларидан ташқари, ташриф буюрувчилар Салжуқийларнинг турли диққатга сазовор жойларини кўришлари мумкин, жумладан Дўнер Кумбет, Улуғ масжид ва Салжуқийлар цивилизацияси музейи жойлашган Гавҳар Насиба мадрасаси. Бундан ташқари, шаҳарнинг машҳур ошхонаси, хусусан, “манти” каби маҳаллий таомлари ўзига хос ноёб тамдан баҳраманд бўлиш имконини беради.

Экспресснинг яна бир бекати Малатя тарихда бўлгани каби бугун ҳам Месопотамия ва Анадолу ўртасидаги савдо ва маданий алмашинув чорраҳасидир. Шаҳарнинг тарихий меросини исботловчи Арслантепа тепалиги ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Танаффус вақтида йўловчилар шаҳар деворлари билан бирга Эски Малатя Улуғ масжиди каби тарихий иншоотларни кўришлари, Мисгарлар бозорида қўлда ясалган мис буюмлар харид қилишлари, Шире бозорида маҳаллий ўриклардан татиб кўришлари мумкин.

Йўлнинг кейинги бекати Элазиғ савдо йўллари устида жойлашгани билан асрлар давомида дин, маданият ва саломатлик маркази бўлиб келган. Бу қадимий шаҳар Фурот ва Дажла дарёларининг ватани бўлган вa бу шаҳарни безаб турган қасрлар, бозорлар, масжидлар, ҳаммомлар улуғвор даврнинг сокин гувоҳларидек. Шаҳарнинг муқаддас қадамжолари орасида Ҳарпут қалъаси, Анадолунинг энг қадимги ибодат жойларидан бири бўлган Биби Марям черкови ва тарихий Ҳарпут Улуғ масжиди бор.

Диёрбакир - Месопотамиянинг қадимий шаҳри

Месопотамия Экспресси меҳмонларни ноёб тажрибаларга бой ҳаяжонли саёҳатдан сўнг Месопотамия маданиятининг юраги бўлган Диёрбакирга олиб боради. Диёрбакир цивилизация тарихидаги энг муҳим босқичларнинг шаклланиши ва ривожланиши кузатилган ҳудуд бўлиб, у ерда 33 цивилизациянинг умумий маданияти мавжуд. Бу маданий мероснинг архитектурадан ошхонагача, анъанавий санъатдан тортиб асл шаҳар ҳаётигача бўлган чексиз хилма-хиллиги сайёҳлар томонидан кашф этилишини кутмоқда. Шаҳардаги тарихий Ҳасан Паша Инн меҳмонхонасида нонушта қилгандан сўнг, ЮНEСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган Диёрбакир деворлари ва Ҳевсел боғлари маданий ландшафт ҳудудига ташриф буюришингиз керак. Шаҳарнинг бошқа диққатга сазовор жойлари Улуғ масжид, Пайғамбар Сулаймон масжиди, İчкале археология музейи, Зерзеван қалъаси ва Митрас ибодатхонасидир. Шаҳарда қалъаси, меҳмонхоналари, черков ва масжидлари билан ажралиб турадиган Эғил тумани, Ўн кўзли кўприк (Дажла кўприги) ва Малабади кўпригини ҳам кўришингиз мумкин.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!