БМТ Судандаги хунрезликларда қанча одам ҳаётдан кўз юмганини маълум қилди

БМТ Судандаги хунрезликларда қанча одам ҳаётдан кўз юмганини маълум қилди

Суданда давом этаётган кенг кўламли қуролли ҳаракатлар оқибатида ҳозирга қадар 14 мингдан ортиқ тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган. Бу ҳақда Anadolu нашри БМТ ҳисоботига асосланиб, маълум қилди.

Манбада айтилишича, БМТ Судандаги гуманитар инқирозга қарши биргаликда ҳаракат қилишга чақирган. Гуманитар ёрдам пакетлари ажратишга ва қочқинларни вақтинчалик қабул қилишга мамлакатларни ундаган.

“14 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди, ўн минглаб одамлар яраланди. Агрессия тўхтамади. Гуманитар ҳалокат яқин”, — дейилган БМТ ҳисоботида.

БМТ, шунингдек, Суданда содир бўлаётган фалокатни таъкидлаб, оғир вазиятни бартараф этиш учун зудлик билан халқаро аралашувни талаб қилган. Фақат сиёсий босимгина уришувчи томонларни ҳаракатдан тўхтата олиши айтилган.

Маълумотларга кўра, ҳозирда Судан аҳолисининг тўлиқ ярми — 25 миллион киши гуманитар ёрдамга муҳтож. 8,6 миллиондан ортиқ фуқаро яшаб турган ҳудудларидан мажбуран кўчирилган. 1,8 миллион суданлик эса қочқинга айланган.

БМТ расмийлари, ташкилотнинг талабларига қарамай, Судандаги ҳарбий кучлар янги жангларга тайёргарлик кўраётганини маълум қилган. Мамлакат икки ва ундан ортиқ қисмларга бўлинаётганидан хавотир билдирилган.

“Бу умумий масъулиятдир. Биз Судан халқининг тинч ва хавфсиз келажакка интилишини қўллаб-қувватлашда куч-ғайратимизни аямаслигимиз керак”, — дейилган БМТ вакиллари баёнотида.

Маълумот ўрнида, Суданда бир йил олдин президент Умар ал-Баширнинг ҳокимиятдан ағдарилиши ортидан бошланган кескинлик ҳали ҳам давом этмоқда. Мамлакат армияси ва Судан тезкор ҳаракат кучлари мамлакатнинг турли ҳудудларини ўзаро бўлиб олиб, қуролли кураш олиб бормоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!