“Юксаклик сари интилмоқ”

“Юксаклик сари интилмоқ”

Дунёда ҳар бир халқнинг ўзига хос анъаналари, урф-одатлари, миллий қадриятлари бор. Муайян заминда куртак очиб, неча юз йиллар давомида шаклланган ва сайқал топган маънавий мезонлар шу миллатнинг, шу халқнинг бебаҳо бойлиги ҳисобланади. Ҳаётимизга шиддат билан кириб келаётган техника ва технологиялар, глобаллашув жараёнида бундай бойликнинг моҳиятини янда чуқурроқ англаш долзарб аҳамият касб этади. Бугун кескин тус олаётган “оммавий маданият” ҳам маънавий таҳдидлардан биридир.

Ўзбек этногенезининг бошланғич нуқтасини айрим элшунос олимлар турк хоқонлиги даври билан боғласа, бошқалари ундан анча эрта, милоддан аввалги VIII – ХII асрларда бошланган деган ғояни илгари сурадилар. Бунда тарих фанига, хусусан ўзбек халқи маданияти, турмуш тарзи, табиати, урф-одати, маросимлари, қўйингки, халқимизнинг бутун миллий зийнатини бошқа тараққий этган халқлардан маълум даражада орқароқда қолганлигини кўрсатувчи ғайриилмий ёндашувни сезмай бўлмайди. Шу ерда ўзимизнинг юртимиз тарихи, этник маданиятини минтақавий ашёлар далиллиги асосида ўрганиб, бу маданият илгариги башоратлардан анча олдин, сўнгги бронза даврида ҳам барқарор бўлганлигини айтмай бўлмайди. Демоқчимизки, юртимиз мустақилликка эришгач, ўзининг қадимий миллий қадриятларини тўлиқ англаб етди. Ғафур Ғуломдай донишманд шоир тарихимизга назар ташлаб, буюк миллий қадриятларимизни улуғлади. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат ва Усмон Носир каби миллатнинг улуғ ижодкорлари ўз юрти, халқининг чинаккам ва содиқ куйчиларига айланишди.

Бугунги кунда “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган даъваткор ғоя ҳаётимизга тобора чуқур кириб бормоқда. Биз айни шу асосда халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, инновацион тараққиёт борасида муҳим қадамларни қўймоқдамиз, дейди мухтарам юртбошимиз. Зеро, умумий цивилизация турли халқларнинг маданиятларидан шаклланади. Миллий маданиятларининг энг яхши намуналарини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш ўсиб келаётган замонавий ёшларимизни маънавий тарбиялашнинг асоси бўлмоғи лозим.

Буюк рус ёзувчиси Достоевскийнинг "Дунёни гўзаллик қутқаради" деган машҳур иборасини бироз ўзгартириб, "21 асримизда дунёни маърифат, маданият ва маънавият қутқаради" деб айтган бўлардим. Зеро, биз учун “Миллий тикланиш” - миллий урф-одат, анъана ва қадриятлар, кўп асрлик тарихимизни ўрганиш, тиклаш, қадрлаш ва тарғиб этиш, ҳар бир ватандошимиз онгида мустаҳкамлашда жамиятнинг ҳамжиҳатлигикдаги ҳаракатдир. “Миллий юксалиш”- мамлакатимизнинг тараққиёти, халқимизнинг сиёсий-ҳуқуқий тафаккури, ҳаёт даражаси ва турмуш сифатини ҳар томонлама юқори босқичга кўтариш йўлидаги ҳаракатдир.

Анора Ҳайдарова, ЎзМТДП Тошкент шаҳар Кенгаши бош мутахассиси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!