Остона ШҲТ саммитига тайёр

Остона ШҲТ саммитига тайёр

Қозоғистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) давлат раҳбарлари саммитига тайёргарлик якунланди. Саммит 3-4 июль кунлари Остона шаҳрида ШҲТ+ форматида 16 давлат раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтади.

Саммитда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам қатнашади. Бундан ташқари тадбирда Беларусь, Мўғулистон, Озарбайжон, Қатар, БАА ва Туркманистон раҳбарлари ҳам кузатувчи мақомида иштирок этади.

Шунингдек, Остонага БМТ, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, КХШТ, Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Ислом ташкилоти, МДҲ, Евросиё иқтисодий комиссияси каби халқаро ташкилот вакиллари ҳам келиши кутилмоқда.

“Кўп томонлама мулоқотни мустаҳкамлаш: барқарор тинчлик ва тараққиётга интилиш” шиори остида ўтадиган саммитнинг асосий кун тартиби долзарб халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал этишда ШҲТ ролини кучайтиришдан иборат бўлади.

Раҳбарлар барқарорликни таъминлаш учун биринчи навбатда халқаро савдо ва иқтисодиётга эътибор қаратиш ниятида. Саммитда минтақавий хавфсизлик, инфратузилма, энергетика, экология, соғлиқни сақлаш, туризм, таълим, рақамлаштириш, транспорт ва логистика масалалари ҳам муҳокама қилинади.

Саммит якунлари бўйича турли соҳаларга оид 20 дан ортиқ ҳужжатлар, жумладан, ШҲТнинг долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар бўйича позицияси ва истиқболли тадқиқотлари ўз ифодасини топган Остона декларацияси, шунингдек, “2035 йилга қадар ШҲТнинг ривожланиш стратегияси” ва “2030 йилгача ШҲТнинг энергетика ҳамкорлигини ривожлантириш стратегияси” қабул қилинади.

Саммит кун тартибидаги муҳим мавзулардан бири ҳам терроризмга қарши кураш мавзуси бўлади. Тадбирда “2025-2027 йилларга мўлжалланган терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик дастури” ва “ШҲТнинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган наркотикларга қарши кураш стратегияси” муҳокама қилинади.

Бундан ташқари, йиғилишда Беларуснинг ШҲТга тўлақонли аъзолиги бўйича қарор қабул қилиниши кутилмоқда. Ушбу саммитдан сўнг ШҲТга раислик Хитойга ўтади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!