Ўзбекистонда крипто-активлар соҳасидаги жиноятларни аниқлайдиган замонавий технологиялар жорий этилади

Ўзбекистонда крипто-активлар соҳасидаги жиноятларни аниқлайдиган замонавий технологиялар жорий этилади

Ўзбекистонда “Рақамли криминалистика соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган жиноятларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, уларни аниқлаш ва тергов қилиш услубларини такомиллаштиришга қаратилган рақамли криминалистика соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш мақсадида қабул қилинди.

Мазкур қарор билан Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси негизида Рақамли криминалистика илмий-тадқиқот институти ташкил этилиб, мазкур институт рақамли криминалистика соҳасида инновацион тадқиқот ва ишланмалар марказига айланиши назарда тутилган.

Қарорнинг асосий жиҳатлари:

  • институтга рақамли криминалистика соҳасида суд-тиббий экспертиза ва тадқиқотлар ўтказиш ваколатини бериш;
  • кибержиноятларни тергов қилиш жараёнларига замонавий технологияларни жорий этиш. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти самарадорлигини оширишда “катта ҳажмли маълумотлар” (Big Data) таҳлили, сунъий интеллект ва бошқа илғор технологиялардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиш;
  • ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жиноятларнинг рақамли изларини аниқлаш, олиб қўйиш, сақлаш ва тадқиқ этишда амалий ёрдам кўрсатиш;
  • рақамли криминалистика бўйича суд экспертизаларини ўтказиш усулларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш;
  • крипто-активлар ва блокчейн технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган жиноятларни аниқлаш ва тергов қилиш усулларини ишлаб чиқиш;
  • рақамли криминалистика соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш;
  • кибержиноятчиликка қарши курашиш соҳасида халқаро илмий-техникавий ҳамкорликни кенгайтириш.

Қарорда “Рақамли далилларнинг ягона реестри” — идоралараро автоматлаштирилган тизимни яратишга алоҳида эътибор қаратилган.

Рейестр рақамли далилларни, жумладан фотосуратлар, видео ва аудио ёзувлар, электрон ҳамёнлар ҳақидаги маълумотлар, крипто-активлар манзиллари, IP-манзиллар ва жиноятларнинг бошқа рақамли изларини тўплаш, қайд этиш, сақлаш ва таҳлил қилиш учун мўлжалланган. Рейестрнинг жорий этилиши кибержиноятларни тергов қилиш самарадорлигини оширади ва рақамли далилларнинг ишончли сақланишини таъминлайди.

Мазкур қарорнинг ўзига хослиги унинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган жиноятларни, шу жумладан крипто-активлар ва блокчейн технологиялари соҳасидаги жиноятларни аниқлаш ва тергов қилиш жараёнларини модернизация қилишга комплекс ёндашувидадир.

Қарорда белгиланган вазифаларни амалга ошириш ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган жиноятлар учун жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилини таъминлашга, кибержиноятларга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти самарадорлигини оширишга, шунингдек рақамли маконда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қўшимча кафолатларини яратишга қаратилган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси негизидаги Рақамли криминалистика илмий-тадқиқот институтининг ташкил этилишини турли мамлакатларнинг соҳа экспертлари юқори баҳолади.

“Ахборот технологияларининг жадал ривожланиши ва уларнинг ноқонуний мақсадларда ишлатилиши шароитида, ушбу институт кибержиноятчиликка қарши курашнинг инновацион усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этишда муҳим ўрин тутади. Сизнинг тадқиқот ва ишланмаларингиз нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро миқёсда ҳам рақамли криминалистиканинг ривожланишига муҳим ҳисса қўшади”, — дейди Россия Тергов қўмитаси Криминалистика бош бошқармаси раҳбари ўринбосари Иван Александрович Стрельсов.
“Ўзбекистон Республикасининг рақамли криминалистикани ривожлантиришга қаратилган стратегик эътибори юқори баҳога лойиқ. Ушбу соҳадаги ихтисослаштирилган институтнинг ташкил этилиши рақамли даврда миллий хавфсизликни таъминлашга комплекс ёндашувдан далолат беради. Ишончим комилки, институтнинг илмий тадқиқотлари ва амалий ишланмалари натижалари иқтисодиёт, ишлаб чиқариш ва жамият ҳаётининг бошқа асосий соҳаларини кибертаҳдидлардан ҳимоя қилиш учун ишончли асос бўлиб хизмат қилади”, — деб таъкидлади Беларусь Тергов қўмитаси малака ошириш институти директори Юрий Каменеский.
“Рақамли криминалистика илмий-тадқиқот институтининг ташкил этилиши замонавий давр талабларига ўз вақтида берилган жавобдир. Глобал рақамлаштириш ва кибержиноятчилик ўсиши шароитида кенг кўламли қўшма тадқиқотлар ўтказиш биринчи даражали аҳамият касб этмоқда. Туркия Адлия академияси рақамли криминалистика соҳасида илмий тадқиқотлар ва тажриба алмашиш бўйича фаол ҳамкорликка тайёр эканлигини билдиради”, — деди Туркия Адлия академияси президенти Мухитдин Ўздемир.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!