Ўзбекистонда электротехника маҳсулотлари экспорти ошмоқда

Ўзбекистонда электротехника маҳсулотлари экспорти ошмоқда

"The Korea Post" журналида Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими Юрий Қутбитдиновнинг "Ўзбекистон Европа, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларига электротехника маҳсулотлари экспортини оширишни режалаштирмоқда" сарлавҳали мақоласиэълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида 2026 йилгача саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1,4 баробар, жумладан, электротехника саноатида юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни 2 баробар, экспортни эса 3 баробар ошириш кўзда тутилгани қайд этилган.

2023 йил сентябрда қабул қилинган "Ўзбекистон – 2030" стратегияси доирасида "Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси"да белгиланган барча мақсадларга эришиш таъминланиб, мамлакатда электротехника саноати учун йилига 300 минг тонна мисни қайта ишлаш ва маҳсулотларни маҳаллийлаштириш даражасини эса ўртача 65 фоизга ошириш вазифаси қўйилди.

Бу борада Ўзбекистонда технологик тармоқлар, жумладан, электротехника тармоқларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Президенти томонидан кейинги етти йилда электротехника саноати корхоналарига божхона ва солиқ имтиёзлари, транспорт ва бошқа харажатларни қоплаш учун субсидиялар бериш бўйича қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Хусусан, 2027 йил 1 январга қадар электротехника саноати корхоналарининг даромадлари ва мол-мулк солиғи 50 фоизга камайтирилди ҳамда ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган хомашё, материаллар, бутловчи қисмлар ва асбоб-ускуналар учун божхона тўловларидан озод қилинди.

Бундан ташқари, электротехника саноатида мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ва янгиларини ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қатор Дастурлар тасдиқланди.

Бунинг самараси ўлароқ кейинги етти йилда соҳага жалб қилинган инвестициялар ҳажми 935 миллион долларни, шундан тўғридан-тўғри хорижий сармоялар қарийб 400 миллион долларни ташкил этди.

Бундан ташқари, умумий қиймати 800 миллион доллардан ортиқ бўлган 260 дан ортиқ янги инвестиция лойиҳаси, жумладан, кабель маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича – 120 миллион долларлик 50 та лойиҳа, маиший техника – 380 миллион долларлик 115 та лойиҳа, энергетика ускуналари ишлаб чиқариш бўйича – 60 миллион долларлик 40 та лойиҳа ва бошқа электротехника маҳсулотлари – 250 миллион долларлик 58 та лойиҳа ишга туширилди.

Натижада 13 мингдан ортиқ қўшимча иш ўринлари яратилди, саноатдаги умумий иш ўринлари сони 35 минг кишини ташкил этди.

Ўзбекистонда электротехника саноати корхоналари учун ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ўз маҳсулотларини ички ва ташқи бозорга етказиб беришни кўпайтириш учун зарур шарт-шароит яратилган.

"Шу муносабат билан маҳсулот экспортини нафақат анъанавий, балки янги бозорларга ҳам кўпайтириш бўйича вазифалар белгиланди. Хусусан, Ўзбекистонга тақдим этилган "GSP+" имтиёзли савдо режимини ҳисобга олган ҳолда Европа мамлакатлари бозорларига, шунингдек, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларига электротехника маҳсулотлари экспортини кўпайтириш режалаштирилмоқда", – деб ёзган "The Korea Post".


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!