Ургутда VII-VIII асрларга оид ибодатхона топилди

Ургутда VII-VIII асрларга оид ибодатхона топилди

Юртимиз тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалиши кўплаб манбаларда қайд этилган. Бу айрим археологик қазишмалар давомида топилган ашёлар мисолида ҳам ўз исботини топган. Аммо ҳанузгача ер қаърида сирлигича қолаётган манбалар талайгина ва уларни ўрганиш, тадқиқ этиш сизу бизга жумбоқ бўлиб турган кўплаб саволларга ойдинлик киритиши мумкин.

Айни мақсад йўлида археологик ёдгорликлар, қадимий манзилгоҳларни тадқиқ этишга бел боғлаган Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти ходимлари яна бир муҳим топилмага дуч келди. Археологлар томонидан Ургут туманининг Жўрабтепа маҳалласида жойлашган Қўрғонтепа ёдгорлигида олиб борилган қазишмалар давомида илк ўрта асрларга оид ибодатхона ўрни топилди.

Қўрғонтепа археологик ёдгорлигининг умумий майдони 6 гектарни ташкил қилади, – дейди Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти етакчи мутахассиси, тарих фанлари номзоди Амриддин Бердимуродов. – Бу Ургут туманидаги 200 га яқин археологик ёдгорликлардан бири. Атрофи мудофаа деворлари билан ўралган қўрғон марказида баланд арк жойлашган. Биз ўрганишларимиз давомида тарихий манбаларда бу ҳудудда жуда кўп қасрлар, ибодатхоналар бўлганлиги ҳақидаги маълумотларга эга бўлдик. Шу асосда ўтган йили Қўрғонтепа ёдгорлигида қазишма ишларини бошлаган эдик. Жорий йил тадқиқотни давом эттириб, йирик топилмани аниқладик. Бу ёдгорликнинг тузилиши, ундаги деворий суратлар, турли топилмалардан келиб чиқиб уни ўша даврнинг йирик ибодатхоналаридан бири бўлган, деган тахминга келяпмиз. Чунки, ёдгорликни ҳали тўла очиб бўлганимиз йўқ. Аниқланган ашёларни ҳам тўлиқ ўрганиб чиқишга бироз вақт керак. Ибодатхонанинг қайси динга тааллуқли эканлиги ҳам ҳали ойдинлашган эмас.

Маълумотлардан маълумки, Қадимги Суғд ҳудудида кўплаб динларга эътиқод қилинган. Жумладан, оташпарастлик, монелик ва бошқа динлар тарихий манбаларда қайд этилган. Араблар истилосидан кейин ибодатхона ёқиб юборилган. Бунга асос сифатида топилмадаги ёғоч ўймакорлик безакларининг ёнган қолдиқларини кўрсатиш мумкин. Ёдгорлик тўлиғича очиб ўрганилса, албатта, тарихимиз учун қимматли маълумотларга эга бўламиз. Бундан 1300-1400 йил аввал аждодларимиз қайси динларга эътиқод қилганлиги, уларнинг маданияти, урф-одат ва анъаналари қандай бўлганлиги ҳақидаги саволларга ҳам аниқ манбалар асосида жавоб топиш имкони яратилади.

Ибодатхонанинг архитектураси, ундаги безаклар ўша давр маданиятидан сўзлайди. Бу ёдгорликда деворий суратлар, ҳайкалтарошлик намуналари, ёғоч ўймакорлик безакларидан жуда кенг фойдаланилган. Унинг ўрганилиши мазкур санъат йўналишлари тарихини ўрганишда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Тарихчиларнинг талқинига кўра, бу ҳудуд ҳақида Ал-Истахрий ва ибн Ҳавқал маълумотларида Санжарфағн атамаси билан манбалар қайд этилган. Санжарфағн нисбатан кичик рустоқ бўлиб, унда бир нечта қишлоқлар мавжуд бўлган. Ал-Муқаддасий қайдномасида эса “Санжарфағн аҳолиси зич жойлашган, иқлими бошқа қишлоқларга қараганда энг яхши, мевалари ширин, ерлари серҳосил жой”, сифатида эътироф этилади. XVI асрга оид вақф ҳужжатларида бу рустоқ номи Санжар Фиғон шаклида учрайди. Сўнгги ўрта асрлар манбаларида у Занжирбоғ шаклида қайд этилиб, Аббос ҳамда Караунас ариқларининг орасида жойлашганлиги зикр этилган. Санжарфағн номининг этимологияси санскритча “сангҳарама — буддавий ибодатхона” ёки суғдча “βγн — ибодатхона” каби маъноларни ифодалайди. Бу рустоқ Бормиш (Аббосариқ, Янгиариқ) ва Башмин (Караунас, Қозонариқ) каналларининг ўртасида жойлашган. Ушбу маълумотлар асосида рустоқнинг маркази сифатида ҳозирги Эшонравот қишлоғида жойлашган Қўрғонтепа ёдгорлиги билан локализация қилиш мумкин.

– Ушбу ибодатхона тарҳи тўғри тўртбурчак шаклда бўлиб, деворларнинг сақланиб қолган баландлиги 3 метрни ташкил қилади, – дейди Самарқанд давлат университети тарих факультети археология кафедраси таянч докторанти Ғайрат Маҳаммадиев. – Хонага 5 та эшик орқали кириш мумкин. Хона тўрида тахт-супа, унинг тўрт томонида устун ўринлари жойлашган. Хона деворлари диний мавзудаги суратлар билан безатилган бўлиб, сақланиб қолинган тасвирлар орасида юзи овалсимон, қулоқ ва қўллари эса зебу зийнатларга бой бўлган маъбуданинг тасвири мавжуд. Унинг бошида илк ўрта асрлар Суғд санъатида кўп учрайдиган қанотли, устки қуббаси ярим ой шаклда бўлган тож тасвири мавжуд. Шуни таъкидлаш жоизки, хонада аниқланаётган деворий сурат парчалари орасида бундай тож ва персонаж тасвирларининг турли парчалари мавжуд. Бу мазкур ибодатхонанинг деворларида юқорида қайд этилган маъбуда тасвири ягона бўлмагани, балки бундай илоҳлар тасвирлари хонанинг барча деворларида бўлганидан далолат беради.

Бундан ташқари, ибодатхона деворларида токчалар ҳам мавжуд бўлиб, улардан бирининг ичида лойдан ясалган ҳайкалнинг қўл ҳамда оёқ қисмлари топилди. Археологларнинг қайд этишича, ибодатхона VII-VIII асрларда фаолият юритган. Шуни таъкидлаш зарурки, исломгача бўлган давр деворий сурат ва ҳайкалтарошлик намуналари Ўзбекистон ҳудудида яқин бир неча ўн йилликда аниқланмаган эди. Шу сабабдан ҳам Қўрғонтепа ёдгорлигида аниқланган бундай санъат намуналари жуда катта аҳамиятга молик, деб ўйлаймиз. Ҳозирда ушбу жойда археологик қазув тадқиқотлари, деворий суратларни сақлаш, улардан нусха кўчириш ва ечиб олиш жараёнлари давом этмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!