Қўшрабодда эрининг жазманига 7 марта пичоқ урган аёлга суд ҳукми ўқилди

Қўшрабодда эрининг жазманига 7 марта пичоқ урган аёлга суд ҳукми ўқилди

Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида яшовчи аёл эрининг жазманига 7 марта пичоқ уриб, жароҳат етказганлиги тўғрисида хабар берилган эди.

«Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаевнинг маълум қилишича, Жиноят ишлари бўйича Нарпай туман судининг ҳукмига кўра, судланувчи Диёрага (исми ўзгартирилган) нисбатан Жиноят Кодексининг 25 (Жиноятга суиқасд қилиш), 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан 57-моддаси (Енгилроқ жазо қўллаш)ни қўллаб, 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Суд жараёнида маълум бўлишича, Қўшработ тумани «Қўралос» маҳалласида яшовчи Фариданинг (исми ўзгартирилган) яшаш уйига унга олдиндан таниш бўлган Қўшработ тумани «Дўстлик» маҳалласи «Боқичағатой» қишлоғида яшовчи 49 ёшли эркак Азиз (исми ўзгартирилган) келган. Улар биргаликда пиво ичган.

9 июль куни эрталаб соат тахминан 07:30 атрофида 35 ёшли аёл Диёра (исми ўзгартирилган) турмуш ўртоғи Азизни (исми ўзгартирилган) излаб Фариданинг (исми ўзгартирилган) яшаш уйига келган ва уларнинг бирга бўлган ҳолатини кўргач, ўзаро жанжал юзага келган. Оқибатда Диёра (исми ўзгартирилган) уйидан ўзи билан бирга олиб келган ошхона пичоғи билан Фарида (исми ўзгартирилган)га 7 маротаба зарба билан уриб, тан жароҳати етказган.

Азиз (исми ўзгартирилган) хотинининг қўлидан пичоқни олиб қўйганлиги сабабли аёл Фаридани (исми ўзгартирилган) қасддан ўлдиришга қаратилган жиноий ҳаракатини ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра, охирига етказолмасдан, жиноят содир қилишга суиқасд қилган.

Қўшработ туман шифокорларининг ёрдами билан жабрланувчи Фарида (исми ўзгартирилган) зудлик билан операция қилиниб, унинг жони сақлаб қолинган.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди судьяси Ғайрат Негматовнинг маълум қилишича, судланувчи Диёра (исми ўзгартирилган) айбига тўлиқ иқрорлигини, чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб апелляция шикояти киритган. Тайинланган жазони енгиллаштиришни ёки Жиноят Кодексининг 72-моддасига асосан шартли жазо тайинлашни сўраган.

Қўшработ туман суд-тиббий экспертиза бўлинмасининг хулосасига кўра, Фаридага етказилган тан жароҳати ҳаёт учун ҳавфли бўлган тан жароҳатлари гуруҳига киришлиги қайд этилган. Апелляция инстанцияси суди ҳукмни ўзгартириш ёки бекор қилишга асос мавжуд бўлмаганлиги ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!