Интернетда миллий контентни яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати танқидий кўриб чиқилди

Интернетда миллий контентни яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати танқидий кўриб чиқилди

Мамлакатимизда сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди. Жумладан, 10 дан зиёд қонун, 150 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат, миллий контентни ривожлантириш мақсадида Сенат ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинди.

“UZ”доменидаги веб-сайтларда 2023 йил ва 2024 йилнинг олти ойи мобайнида ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича 1 минг 49 веб-сайт мониторинг қилиниб, 6 минг 241 ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган.

Шу билан бирга, миллий қонунчилик талабларига зид бўлган 19 минг 130 материал мавжудлиги аниқланиб, уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган.

Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси мажлисида шу ҳақда гап борди.

Интернет жаҳон ахборот тармоғида миллий контентни яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати ушбу масалага тааллуқли бўлган мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда муҳокама қилинди.

Медиа маконда миллий контентни ривожлантириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан шу йўналишдаги ишларни жадаллаштириш ҳар қачонгидан долзарб бўлиб бораётгани қайд этилди.

Ўрганишлар натижаларига кўра, миллий контентни яратишда ўз ечимини кутаётган айрим масалалар мавжудлиги аниқланди.

Жумладан, телерадиоканалларни сифатли миллий медиа контент билан таъминлаш орқали оммани ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда маданий меросни тарғиб этувчи, маърифатпарвар аждодларимизнинг ибратли фаолиятини, уларнинг бой меросини тарғиб этиш ишларини янада жадаллаштиришга эҳтиёж юзага келмоқда.

Муҳокамалар жараёнида таъкидланганидек, айрим давлат ва нодавлат телеканалларда аудиториянинг хоҳиш-истаклари, ахборот манбаларига муносабатини аниқлаш, оммавий ахборот воситалари орқали фойдали контентни тарқатиш бўйича фуқаролар фикрларини ўрганиш мақсадида ижтимоий сўровномалар ташкил этиш ишларига етарли эътибор берилмаган.

Бадиий кенгашлар фаолияти билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги сабабли мазмунсиз лавҳалар эфирга узатилаётган ҳолатлар кузатилмоқда. Бадиий кенгашлар фаолияти аниқ мезонлар асосида ташкил этилмаган.

Таҳлилларга кўра, ахборот маҳсулотини экспертизадан ўтказиш ва ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини аниқлаш ҳамда тўғри белгилаш бўйича белгиланган тартибга амал қилинмаяпти.

Жумладан, ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи кўрсатилмаслик бўйича 42 қонунбузилиш ҳолати қайд этилган.

Сенаторлар реклама маҳсулотларининг тарқатилиши ва эфирга берилишида тил қоидаларини бузиб талқин этиш ҳолатлари учраб тургани, ижтимоий ахборот, миллийликни тарғиб этишга қаратилган рекламалар сони кундан-кунга камайиб бораётганига ҳам эътибор қаратди.

Бу борада Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан “Реклама тўғрисида”ги қонунчилик талаблари бузилганлик ҳолати бўйича хўжалик юритувчи субъектларга 3 минг 518 огоҳлантириш ва кўрсатма киритилган бўлиб, аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича 25 субъектга нисбатан 529,4 миллион сўм миқдорда молиявий жарима қўлланилган.

Сенаторлар томонидан миллий контентни ривожлантириш доирасида жамиятни, айниқса, ёшларни тезкор, холис, сифатли ва фойдали маълумотлар билан таъминлаш зарурлиги қайд этилди ва бу борада аниқ таклифлар билдирилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!