“Олот” чегара божхона постида 17 млрд 320 млн сўмлик сигаретлар тўхтатиб қолинди

“Олот” чегара божхона постида 17 млрд 320 млн сўмлик сигаретлар тўхтатиб қолинди

Бухоро вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбир давомида тамаки маҳсулотларининг ноқонуний транзитига чек қўйилди.

Гап шундаки, Бирлашган Араб Амирликларидан Хитойга қараб йўл олган юк автотранспорт воситасига ҳужжатларга ишонилса, сигарет ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган салкам 18 тонна қуритилган тамаки хом ашёси ортилган бўлиши лозим эди. Аммо, “Олот” чегара божхона постида ўтказилган божхона кўриги давомида бутунлай бошқача манзара намоён бўлди.

Холислар иштирокида тиркама очиб кўрилганида, унга қуритилган тамаки хомашёси эмас, аксинча 866 минг қути тайёр сигаретлар юклангани маълум бўлди. Бирон бир акциз маркалари билан қадоқланмаган мазкур тамаки маҳсулотларининг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 17 млрд 320 млн сўмни ташкил қилмоқда.

Бугунги кунда республикамиз ҳудудидан транзит тарзида олиб ўтилаётган тамаки маҳсулотларини ички ҳудуддда тушириб қолдириш ҳолатлари тез-тез учраб турибди.

Шу боисдан 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит тарзида олиб ўтилаётган тамаки маҳсулотларининг ишлаб чиқарилган мамлакат сертификати, уни етказиб бериш шартномаси (битими), товарлар бир нечта қисмга ажратилиб, транзит йўли билан ташилган тақдирда, уни олиб ўтиш жадвали тақдим этилиши белгиланди.

Шунингдек, юк олиб ўтувчи тегишли божхона тўловларини Ўзбекистон Республикаси божхона органларининг депозит ҳисобварағига ўтказади. Бунда кейинчалик товарлар республикадан ташқарига олиб чиқилганлиги тасдиқлангандан сўнг тўланган суммалар қайтарилади.

Тамаки ташувчи транспорт воситалари фақат инспекцион кўрик мажмуалари билан жиҳозланган чегара божхона постлари орқали ўтказиади.

Эслатиб ўтамиз, респбуликамиз божхоначилари томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 299 та контрабанда ва божхона қонунбузилиши ҳолатларида қиймати салкам 40 млрд сўмлик 1 млн 870 минг қутига яқин тамаки маҳсулотларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасиган чек қўйилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!