Нетаньяху ҳибсга олинмаслиги учун 25 та давлатдан ёрдам сўралди

Нетаньяху ҳибсга олинмаслиги учун 25 та давлатдан ёрдам сўралди

Исроил ташқи ишлар вазири Исроил Кац 25 та давлатдаги ҳамкасбларига мактуб йўллаб, Халқаро жиноий суднинг (ХЖС) яҳудий расмийларига ордер беришига қаршилик кўрсатишга чақирди. Бу ҳақда Walla хабар берди.

Бу давлатлардан Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер бериш ҳақидаги ХЖС прокурори талабига қарши ҳуқуқий хулосалар тақдим этиш сўралган. Ташқи ишлар вазирлигининг юқори мартабали мулозимларига кўра, агар бу давлатлар ёки улардан баъзилари Гаагадаги трибуналга шундай ҳуқуқий хулосалар тақдим этса, судьялар прокурор талабини қондириш учун ҳеч қандай асос йўқлигига ишониши мумкин.

20 май куни Халқаро жиноий суд прокурори Карим Хон Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху, Исроил мудофаа вазири Йоав Галант ва ҲАМАСнинг уч етакчиси — Яҳё Синвар, Муҳаммад Дейф ва Исмоил Ҳанияни ҳибсга олиш учун ордер беришни сўради. Суд Нетаньяху ва Галантнинг Ғазо секторида содир этилган уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар учун жиноий жавобгар эканини айтган.

Нетаньяху ХЖС прокурорининг сўрови Исроилни “тўхтатиб қўймаслигини” билдирган. АҚШ президенти Жо Байден, ўз навбатида, Нетаньяху ва Галантни ҳибсга олиш учун ордер бериш талабини қоралаган. Исроил ҳам, АҚШ ҳам ХЖС юрисдикциясини тан олмаслигини маълум қилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!