Фарғонада 19 ёшли ИШИД тарафдори қўлга олинди

Фарғонада 19 ёшли ИШИД тарафдори қўлга олинди

Фарғона вилоятида ИШИД террорчилик ташкилоти аъзолари сафига қўшилиш ниятида бўлган фуқаро қўлга олинди.

Маълум қилинишича, Учкўприк туманида яшовчи У.М. (2003 йилда туғилган) интернет тармоғи орқали ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиши натижасида, Суриядаги «Ислом давлати» халқаро террористик ташкилоти аъзолари сафига қўшилиш мақсадида 2021 йилнинг апрель ойида Туркия давлатига борган. Лекин у ердан Сурия ҳудудига ўта олмагач, сентябрь ойида доимий яшаш манзилига қайтиб келган.

Сўнгра Қўқон шаҳри ва Учкўприк туманида истиқомат қилувчи яқин алоқаларидан иборат яширин «жамоат» тузиб, улар орасида «Ислом давлати» террористик ташкилоти ғояларини тарғиб қила бошлаган.

Аниқланишича, мазкур шахс ўзининг уяли телефон аппарати орқали ижтимоий тармоқлардаги ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган аудио ва видео материалларни тинглаб, томоша қилиб, уларнинг таъсирида «жамоат» аъзолари орасида «жиҳод» ҳамда «шаҳид»ликка чорловчи аудиосуҳбатлар олиб борган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертиза хулосасига кўра, У.М.нинг уяли телефон аппарати хотирасидаги маълумотлар ўзининг моҳияти ва мазмуни, уларда илгари сурилган ғоялар жиҳатидан Ўзбекистонда жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид солувчи материаллар сирасига кириб, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ҳисобланади.

Таъкидланишича, ушбу маълумотларни Ўзбекистонга олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади.

Ҳозирда У.М. ва унинг алоқаларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!