Қирғизистонда болаларни уриб юборган юк машинаси сабаб 12 нафар полициячи жазоланди

Қирғизистонда болаларни уриб юборган юк машинаси сабаб 12 нафар полициячи жазоланди

Қирғизистонда Созақ туманида юк машинаси мактаб ўқувчиларини уриб юбориши билан боғлиқ ҳодиса юзасидан вилоят ички ишлар органлари ходимларига нисбатан идоралараро комиссия томонидан ўтказилган текширув натижалари эълон қилинди, натижада Қирғизистон Республикаси ИИВнинг 12 нафар ходими жазоланди.

Жалолобод вилояти ИИБ матбуот хизмати хабарига кўра, тадбир давомида хавфсизликни етарли даражада таъминламаганлиги ва тегишли профилактика ишларини олиб бормаганлиги учун 12 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилди.

Созақ тумани ИИБ бошлиғи ва унинг ўринбосари, шунингдек, воқеа содир бўлган ҳудудда хизмат кўрсатган Октябрь қишлоқ ички ишлар бўлими бошлиғи эгаллаб турган лавозимларидан четлаштирилди.

Шунингдек, Жалолобод вилояти ИИБ бошлиқлари ва Созақ вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими ходимларига нисбатан интизомий чоралар кўрилди.

Аввалроқ Жалолобод вилояти Созақ тумани Жерге-Тал қишлоғида содир бўлган воқеа юзасидан Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг топшириғига асосан комиссия тузилиб, унинг таркибига мутасадди ташкилотлар вакиллари киритилгани хабар қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2 май куни Созақда “Манас” достонининг 1000 йиллигига бағишланган туман мактабларида ўтказилган флешмоб чоғида тоғ тепалигида тўхтаб турган музқаймоқ ортилган мини-юк машинаси ҳайдовчи бошқарувисиз ҳаракатланиб, болаларни уриб юборган эди.

«Hyundai Porter» юк машинаси уриб кетган йигирма нафар мактаб ўқувчиси шифохоналарда ётибди. Юк машинаси ҳайдовчиси ҳибсга олинган. 3 май куни Садир Жапаровнинг кўрсатмаси билан жароҳатланган 10 нафар бола махсус самолётда Бишкек шаҳар болалар клиник шошилинч тиббий ёрдам шифохонасига етказилган, шундан 4 нафари реанимацияда, 6 нафари травматология бўлимига ётқизилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!