Бировнинг ҳаққи

Бировнинг ҳаққи

Буюк саҳобий Абу Дардо розияллоҳу анҳу саҳобалар орасида масжидга ҳаммадан эрта келиб, ҳаммадан кеч кетиши билан Расулуллоҳнинг назарларига тушган саҳоба эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Абу Дардони шу одатлари учун яхши кўрар эдилар. Аммо хурмо пишган пайтда Абу Дардо масжидга кеч келиб, эрта кетадиган бўлиб қолибдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Эй Абу Дардо, сенга нима бўляпти, ўзгариб қолдинг? Кеч келиб, эрта кетадиган бўлиб қолдинг? деганлар. Шунда у: Ё Расулаллоҳ, қўшнимни хурмоси пишган, унинг шохлари ҳовлимга осилган. Хурмо пишса, меваси менинг ҳовлимга тўкилади. Болаларим қўшнимнинг хурмосини еб қўйишидан қўрқаман, шунинг учун ҳар куни эрталаб бомдодга кетишдан аввал кечаси тўкилганларини тўплаб, қўшнимга чиқариб юбораман. Масжиддан тезроқ қайтиб бориб, яна кундузи тўкилганларини болаларим еб қўймасин деб, тўплаб, қўшнимга чиқараман. Узрим мана шу , деган эканлар. Шунда ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом хурсанд бўлганлар, Абу Дардонинг ҳаққига барака тилаб дуо қилганлар.

Аммо бу мавзунинг бугунги кунда жамиятимиздаги кўринишлари ҳақида албатта гапириб ўтишимиз керак.

Бировнинг ҳаққидан ҳазар қилишни биз бугун қандай тушунамиз? Бугун бировнинг ҳаққига тажовуз қилишнинг қандай кўринишлари урчиб кетяпти?

Бу борадаги энг оғир мусибатлардан бири қарзни қайтармасликка ҳаракат қилишдир. Қарз олаётганда қайтармаслик нияти билан олиш ўша пулга талафот етказишдир. Агар қарз олаётган одам қайтариш нияти билан олаётган бўлса, Аллоҳ таоло Ўзи ёрдам беради, бу ҳақда ҳадислар бор.

Яна бири тарозидан уриб қолиш. Бу ҳам бировнинг ҳаққи, бу ҳақда жуда кўп оятлар бор, жумладан, Мутоффифун сураси ҳам айнан шу ҳақдаги оятлар билан бошланади.

Ҳозир кўп тарқалаётган, аммо биз унчалик эътибор қилмаётган яна бир кўриниши муаллифлик ҳуқуқининг поймол бўлишидир. Бир одам бир нарса ихтиро қилади, кимдир уни олиб қўяди. Кимдир китоб ёзади, кимдир ўша китобдан фойдаланиб, мақолани шундай китобдан кўчиради-да, тагига ўзининг исмини қўйиб чиқариб юбораверади. Баъзи жойларини эгаси дабдурустдан танимайдиган қилиб, ўзгартириб қўяди. Бу муаллифлик ҳуқуқига тажовуз қилиш деганидир. Бугунги кунда бунга мисоллар жуда ҳам кўп. Биров айтган гапни мен ёздим деб чиқариш, бировнинг китобига эга чиқиб олиш ва ҳоказолар. Масалан, ёзувчининг китоб чиқаришга моддий имконияти йўқ, пули бор одамда cf китоб ёзишга иқтидор ҳам, вақт ҳам бўлмайди. Аслида улар яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишлари керак эди. Аммо баъзан китоб нашр қилишга имкони йўқ одамларнинг китоблари чиқарилмай қолиб кетади, кимдир чиқариб бераман, ёрдам бераман дейди-да, ўзининг исмини ҳаммуаллиф деб ёзишни шарт қилади ёки китоб менинг номимдан чиқади дейдиганлар ҳам бўлади, Аллоҳ сақлаган бўлсин.

Бировнинг ҳаққига тажовуз қилишнинг яна бир тури порахўрликдир. Имом Аҳмад Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам, уларнинг ўртасидаги воситачини ҳам лаънатладилар , дейилган.

Жамиятда энг кўп тарқалган, савдо-сотиқда энг кўп учраётган гуноҳлардан бири мана шудир. Модомики биз откат деган нарсадан қутулмас эканмиз, бу жамият ривожланмайди. Ҳамма ишда откат одат бўлиб кетган. Мисол учун, тадбиркорлик қиламиз, хориждан нарса олиб келишимиз керак. Бизникилар откат беравериб, хориждагиларни ҳам ўргатиб қўйишибди 500 мингга бир нарса олмоқчи бўлсак, 120 мингини қайтариб бераман , деяпти. Қарангки, биз 500 000 нақд пул чиқаришимиз керак экан, 120 000 ни қайтариб бераман, мендан ол деяпти. Ёлғончилик жамиятни ана шу қадар ерга урадиган нарса. Судхўрлик эса ундан ҳам катта бало. Аллоҳ таоло Судхўр бўлган кимсалар Қиёмат куни қабрларидан турмайдилар, турса ҳам жин чалган мажнун каби туради , деган мазмунда оят нозил қилган. Қиёмат аҳли ана шундай гандираклаб, мажнунга ўхшаб турган одамни кўрса? Ҳа, бу дунёда судхўр бўлган экан , дейди, Аллоҳ сақласин.

Иншааллоҳ, дуо қиляпмиз, ҳаракатлар бўляпти, қанийди дунёда судхўрлик батамом тугаб кетса, одамлар ҳалол олди-бердини, ҳалол тижоратни йўлга қўйсалар. Чунки Аллоҳ таоло тижоратни ҳалол қилди, рибони эса ҳаром қилди. Ҳаром нарса билан эса ҳеч қачон тараққиёт бўлмайди, биродарлар. Тараққиётдек кўриниши мумкин, лекин аслида бу синиш бўлади, охири касод бўлади. Аллоҳ сақлаган бўлсин.

Manba: mehrob. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!