Андижондаги марказий байроқ вилоят ҳокими онасининг ўлими сабаб тушириб қўйилганми?

Андижондаги марказий байроқ вилоят ҳокими онасининг ўлими сабаб тушириб қўйилганми?

Андижондаги марказий байроқ нима учун тушириб қўйилгани маълум бўлди.

Аввалроқ журналист Алишер Рўзиохунов вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг онасининг вафоти муносабати билан Андижонда байроқ тушириб қўйилган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзганди.

«Андижон шаҳри марказида мамлакат байроғи туширилган. Протокол бўйича флагшток пасайтирилса, мотамдан дарак беради.

Андижонда ИИБ ходимлари қўлида вафот этган ватандошимиз учун мотам эълон қилинган бўлса, жуда демократик давлат бўлибмиз, деб ўйлаб тургандим. Дўстим айтиб қолдики, вилоят ҳокимининг онаси вафот этибди. Одам бўламизми?», — деб ёзганди Алишер Рўзиохунов.

Эслатиб ўтамиз, Шуҳрат Абдураҳмоновнинг онаси Саодатхон Абдураҳмонованинг вафот этганлиги ҳақида 9 июнь куни хабар берилганди.

Андижон вилояти ҳокимлиги байроқнинг туширилишига бошқа сабаб бўлганини маълум қилди.

«Байроқ матосига жиддий шикаст етганлигини инобатга олган ҳолда масъуллар томонидан байроқ пастга туширилган ва 2020 йил 20 июнь куни янги байроқ ўз жойига ўрнатиб қўйилган.

19 июнь куни Андижон шаҳридаги марказий байроқ масъул мутахассислар томонидан пастга туширилган. Байроқнинг туширилишига асосий сабаб 18 июнь куни юз берган шамол оқибатида байроқ сим арқонга ўралиб, матога жиддий шикаст етганлиги маълум бўлган.

Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати Андижон шаҳридаги марказий байроқ туширилишидан ҳеч қандай мақсад кўзланмаганлигини ва аксинча, матога жиддий шикаст етганлиги сабабли пастга туширилиб, унинг ўрнига янги байроқ қайта ўз жойига ўрнатилганлигини билдиради», — дейилади вилоят матбуот хизмати хабарида.

Ҳокимлик матбуот хизмати шикаст етган байроқнинг суратини келтирмаган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!