«Ёшлар медиа холдинги» ташкил этилади

«Ёшлар медиа холдинги» ташкил этилади

Президент “Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ёшлар ҳаёти, орзу-интилиш ва муваффақиятларини кенг ёритиш, муаммо ва камчиликлари ечимига қаратилган кўрсатув, мақола ва эшиттиришлар тайёрлашни йўлга қўйиш мақсадида ушбу йўналишда фаолият юритувчи оммавий ахборот воситалари ва нашриётлардаги улушларини Агентликка бериш ҳамда Агентлик томонидан улар негизида акциядорлик жамияти шаклидаги "Ёшлар медиа холдинги"ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари қўллаб-қувватланди.

Агентлик:

ёшлар йўналишида фаолият кўрсатувчи нодавлат нотижорат ташкилотларига ўз фаолиятини йўлга қўйиш, амалга ошириш ва ривожлантиришда ҳар томонлама ташкилий ва амалий ёрдам кўрсатади;

уч ой муддатда "Камалак" болалар ташкилоти фаолиятини такомиллаштириш ва қўллаб-қувватлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Давлат ва давлат улуши мавжуд бўлган ОТМнинг ёшлар билан ишлаш бўйича проректори лавозимига номзод Агентлик билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга бевосита ёки билвосита таъсир қиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари Агентлик билан мажбурий равишда келишилади.

Агентлик директори Бош вазир тақдимномасига асосан Президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва тиббий хизмат кўрсатиш шартларига кўра:

Агентлик директори – вазирга, унинг биринчи ўринбосари – вазирнинг биринчи ўринбосарига, ўринбосарлари – тегишли равишда вазир ўринбосарларига;

Агентликнинг марказий аппарати ходимлари – вазирликлар марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалари ходимлари эса – вазирликлар ҳудудий бўлинмалари ходимларига тенглаштирилди.

Қарор билан Тошкент шаҳар “Ёшлар ижод саройи” қошидаги Ёшлар симфоник оркестри негизида Ўзбекистон давлат симфоник оркестри ташкил этилади ва амалдаги меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари сақланиб қолган ҳолда Маданият вазирлиги тузилмасига ўтказилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!