Ўзбекистон мусулмонлари идораси Муфтий қай тартибда сайланишини айтди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Муфтий қай тартибда сайланишини айтди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси республика ҳудудида расмий фаолият олиб бораётган исломий диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органи бўлиб, мусулмонларнинг эътиқодий бирлигини таъминлашга хизмат қилади.

Шу мақсадда, фиқҳда Ҳанафий мазҳаби ва ақидада Имом Мотуридий таълимоти асосида мўмин-мусулмонлар учун барча шарт-шароитларни яратади. Шунингдек, Ислом маърифатини кенг ёйиш, масжид-мадрасалар таъсис этиш, диний адабиётлар нашр этиш, халқаро ташкилотлар ва таниқли уламолар билан ҳамкорликни амалга оширади.

Қайд этилишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уставининг тегишли бандига асосан Диний идора раиси, муфтий Уламолар Кенгаши йиғилишида беш йил муддатга сайланади.

Муфтий лавозимига сайланаётган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқароси, олий диний маълумотли, камида ўн йил Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида ишлаган, уламолар ҳамда халқ орасида обрў ва ишонч қозонган бўлиши лозим.

«Айни кунларда муфтий лавозимига муносиб номзодларни атрофлича кўриб чиқиш, меҳнат фаолиятларини ўрганиш, билим салоҳиятларини мезонга солиш, иш тажрибаларини кузатиш ва халқ орасидаги обрў-эътиборларига баҳо бериш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур жараёнларнинг якуни тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий матбуотида эълон қилинади», дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг аввалги раҳбари Усмонхон Алимов 15 август куни 71 ёшида вафот этганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!