Сурхондарёда дрон орқали ғалладан бўшаган ер майдонларида сомон қолдиқлари ёқилиши ҳолатлари аниқланди

Сурхондарёда дрон орқали ғалладан бўшаган ер майдонларида сомон қолдиқлари ёқилиши ҳолатлари аниқланди

Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси томонидан олиб борилган тарғибот ва тушунтириш ишларига қарамай ғалладан бўшаган ер майдонларида сомон қолдиқлари ёқилиши ҳолатлари кузатилди. Вилоят Экология бошқармаси тезкор гуруҳи томонидан ўтказилган рейдлар давомида вилоятнинг Қумқўрғон ва Жарқўрғон туманларида сомон қолдиқлари ёқилиши билан боғлиқ 15 та ҳолат аниқланди.

Ўрганишлар давомида сомон қолдиқлари ёқилиши оқибатида Қумқўрғон туманида дала четидаги 18 туп мевали ва манзарали дарахтлар, Жарқўрғон туманида эса иҳота сифатида экилган 154 туп тут дарахтлари куйишига олиб келгани маълум бўлди.

Маълумот ўрнида, сомон поя қолдиқлари ёқилиши оқибатида атмосфера ҳавосига жуда кўп миқдорда (токсик) заҳарли моддалар – углерод оксиди (СО), азот оксиди (НОх), азот 2 оксиди (НО2), бенз(а)пирен диоксин, дибензофуран, олтингугурт оксиди, фосген каби инсон саломатлигига жиддий зарар етказувчи заҳарли моддалар ажралиб чиқади. Оловнинг юқори ҳарорати таъсирида тупроқ таркибидаги макро ва микро элементлар йўқолади. Экинзорларнинг балл бонитети кескин пасаяди ва тупроқ унумдорлиги камаяди.

Аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан фермер хўжаликлари масъулларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 88-моддаси 3-қисмига асосан баённома расмийлаштирилиб, табиатга етказилган зарар миқдори ҳисобланмоқда.

Ҳозирда тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқ тартибот органларига тақдим этиш учун тайёрланаётгани маълум қилинди


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!