Россия хорижий банкларнинг филиалларини очишга рухсат берди

Россия хорижий банкларнинг филиалларини очишга рухсат берди

8 август куни Россия президенти Владимир Путин хорижий банкларга мамлакатда филиаллар очишга рухсат берувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда “vc.ru” нашри хабар берди.

Қонун 1 сентябрдан кучга киради. Шу кундан бошлаб, хорижий кредит ташкилотлари 2013-йилдан бери биринчи марта Россия бозорида тўғридан-тўғри фаолият кўрсатиши мумкин бўлади.

Бундан олдин уларга фақат ваколатхоналар очиш ёки шоъба банкларни ташкил этиш ҳуқуқи берилган эди.

Чет эл банки Россияда фақат битта филиал очиши мумкин. Бунинг учун у ўз мамлакатида камида 3 йил давомида банк рухсатномасига эга бўлиши, шунингдек, Россия банки томонидан белгиланган даражадан паст бўлмаган кредит рейтингига эга бўлиши керак.

Чет эл банкларининг филиаллари ҳисоб очмасдан пул ўтказмалари, шунингдек валюта алмашинуви қилиши мумкин, бироқ жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар билан операцияларни амалга ошира олмайди.

Шу билан бирга, уларга юридик шахслар учун ҳисобварақлар очиш, пул ўтказмалари, пул маблағларини инкассо қилиш, вексельлар, тўлов ва ҳисоб-китоб ҳужжатларини ўз ичига олган кенг кўламли хизматлар кўрсатишга рухсат берилган.

Шунингдек, филиал орқали хорижий банк қимматли қоғозлар бозорида фаолият юритиши мумкин бўлади.

Филиал ходимларининг камида ярми Россия фуқаролари бўлиши керак. Россия Банкига филиалларни бошқариш мавзусидаги йиғилишларда иштирок этиши мумкин бўлган ўз вакилини тайинлаш ҳуқуқи берилади.

Чет эл банкларига Россияда филиаллар очишга рухсат берувчи қонун лойиҳаси июл ойида Давлат Думасига киритилган эди.

Тушунтириш хатида унинг қабул қилиниши халқаро тўловлар тизимини ривожлантиришга ва Россия иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилишга ҳисса қўшиши қайд этилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!