Мўғулистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи давом этмоқда

Мўғулистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлиб турган Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух 25 июнь куни Хоразм вилоятига келди.

Икки давлат байроқлари билан безатилган Урганч халқаро аэропортида Мўғулистон раҳбари ва унинг рафиқасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов, Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов ва бошқа расмийлар кутиб олди.

Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух дастлаб Хива шаҳридаги Нуриллабой саройида бўлди. Мазкур сарой XX аср бошларида бунёд этилган, мадраса, 100 дан ортиқ хона ва галереялардан иборат тарихий мажмуадир. Сарой хоналарини безашда нафақат хивалик моҳир усталар, балки чет эллик рассом-декораторлар ҳам иштирок этган, улар саройнинг шарқона қиёфасига Европанинг модерн услубини сингдирганлар. Хоналар ички кўриниши, каминлари, Венеция ойналари ва тилла суви югуртирилган бронзадан ишланган, биллур илгакли қандиллари билан ажралиб туради.

Мўғулистон раҳбари ва унинг рафиқасига сарой тарихи ҳақида маълумот берилди.

Тарихий мажмуа 2017 йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан реконструкция ва реставрация қилинган.

Мажмуа олий мартабали мехмонларда катта таассурот қолдирди.

Сўнгра Мўғулистон Президенти бошчилигидаги делегация Хива шаҳридаги “Ичан қалъа” мажмуасини томоша қилди.

Маълумки, очиқ осмон остидаги музей деб ном олган “Ичан қалъа” мажмуаси ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган. 26 гектар майдонда 58 та тарихий-меъморий обида жойлашган музей-қўриқхонанинг фаолият бошлаганига 104 йил тўлди. 2020 йилда шаҳар Туркий дунёнинг маданий пойтахти, 2024 йилда эса Ислом дунёсининг туризм пойтахти, деб эълон қилинди.

Бу ердаги осори-атиқалар маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг эътирофига сазовор бўлмоқда.

Олий мартабали меҳмон ташриф давомида қадимий шаҳардаги Кўк минора, Кўҳна арк саройи, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, Исломхўжа минораси, Жума масжиди, Тошҳовли мажмуаларини томоша қилди.

Ичан қалъанинг қадим кўчаларида меҳмонлар шарафига фольклор жамоаларнинг чиқишлари, театрлаштирилган томоша намойиш этилди.

Делегация вакиллари музей-қўриқхона ходимлари, сайёҳлар, ҳудудда фаолият кўрсатаётган ҳунармандлар билан суҳбатлашди.

Хоразмнинг тарихи, илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси ҳақидаги маълумотлар, бой маданияти ва санъати меҳмонларда ёрқин таассурот қолдирди.

Тарихий обидаларга саёҳат якунлангач, олий мартабали меҳмон шарафига дастурхон ёзилиб, концерт дастури намойиш этилди.

Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсухнинг мамлакатимизга давлат ташрифи давом этмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!