Канадада мусулмон аёлнинг ҳижобига ўт қўймоқчи бўлган фуқаро ушланди

Канаданинг Онтарио провинциясида кутубхонадаги муслима аёлга ҳужум қилиб, унинг бош кийимини (ҳижобини) ёқиб юбормоқчи бўлган эркак қўлга олинди.
Дурҳам вилояти полицияси баёнотида айтилишича, воқеа Эйджакс шаҳрида содир бўлган.
Полиция маълумотларига кўра, аёл кутубхонада ўқиб юрган вақтида унга нотаниш шахс келиб, унга турли нарсаларни ташлаб, ҳақоратлай бошлаган.
"Ҳужумчи жабрланувчининг ҳижобига номаълум суюқлик қуйиш орқали йиртиб ташлашга уринган, сўнг уни олов билан ёқиб юборишга уринган”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, вазиятга кутубхона хавфсизлиги аралашган. Қочишга уринган ҳужумчи бир неча соатдан кейин полиция томонидан қўлга олинган.
Терговчилар ҳужумга нафрат сабаб бўлган бўлиши эҳтимолини кўриб чиқмоқда.
CBC News хабарига кўра, Канада мусулмонлари миллий кенгаши (NCCM) директори Стивен Браун, мамлакатдаги мусулмонларни ҳимоя қилиш бўйича энг йирик ташкилот бу каби шармандали зўравонликлар жамиятда одатий ҳолга айланганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Канадада исломофобия ҳолатлари кескин кўпайган.
Браун мамлакат сиёсатчиларини муаммога эътибор қаратишга чақирди ва полициядан ҳужумни нафрат жинояти сифатида таснифлашни талаб қилишини айтди.
Ўз навбатида, Эйджакс мэри Шон Кольер ва кутубхона кенгаши раиси Пияли Коррея қўшма баёнотда ҳужумга мусулмонларга қарши кайфият сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Улар мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойида рўй берган ҳодисадан жабрланганларнинг барчасини қўллаб-қувватлашларини билдириб, “нафрат ва муросасизликнинг ҳар қандай кўринишларига қатъий қарши туришларини” таъкидладилар.