Владимир Путин Украинани БМТ назоратига ўтказишни таклиф қилди

Владимир Путин Украинани у ерда сайловлар ўтказиш учун вақтинча БМТ назоратига ўтказиш имкониятини истисно қилмаслигини айтди. Бу ҳақда у Мурманскдаги атом сув ости кемаси денгизчилари олдида қилган чиқишида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бундай чорадан мақсад тинчликни таъминлаш учун "самарали ҳукумат"ни ҳокимиятга олиб келишдир.
"Аслида, АҚШ, Европа давлатлари ва, албатта, бизнинг шерикларимиз ва дўстларимиз иштирокида БМТ томонидан вақтинчалик бошқарув имкониятини муҳокама қилиш мумкин", деди у.
Путиннинг таъкидлашича, Россия “тинч йўл билан келишув тарафдори, лекин ўз манфаатлари эвазига эмас”. У, шунингдек, қўшимча қилди: “Биз тинчлик шартномаси бўйича музокараларни бошлаймиз, бутун дунёда тан олинадиган ва барқарорлик учун асос бўладиган қонуний ҳужжатларни имзолаймиз”. Шу билан бирга, у Россия армияси Луганск вилоятининг деярли бутун ҳудуди ҳамда Донетск, Херсон ва Запорожя вилоятларининг салмоқли қисмини назорат қилишини яна бир бор таъкидлади.
“Биз уларга охирги зарбани берамиз, деб ишонишга асос бор”, — деди Путин Украина армиясини назарда тутиб.
Тинчлик ҳақидаги баёнотлар билан бир қаторда, Путин Арктикадаги ҳарбий иштирокни ошириш ҳақида гапирди. У минтақада гарнизонларни қуриш ва реконструкция қилишни тезлаштиришни буюрди.
– Бу, албатта, ҳарбий соҳамизнинг мустаҳкамланиши билан боғлиқ, – деди у.
Якунида Путин АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трампнинг Даниядан Гренландияни сотиб олиш эҳтимоли ҳақидаги режаларига изоҳ берди. Путиннинг сўзларига кўра, “буни ғайриоддий найранг деб ҳисоблаш хато бўларди”. Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Гренландияга анчадан бери қизиқиш билдирган ва уни “жуда жиддий” қабул қилади.