БМТ: Саккиз йилда дунё бўйича 5 ёшгача бўлган болалар ўлими қарийб 2 баробар камайди

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан эълон қилинган янги ҳисоботга кўра, 2023 йили дунё бўйича беш ёшгача бўлган болалар ўлими 2015 йилга нисбатан 42 фоизга, ўлик туғилиш ҳолатлари эса 53 фоизга камайган.
Маълум бўлишича, юқорида қайд этилган беш ёшгача бўлган ўғил-қизларнинг деярли ярми ҳаётининг биринчи ойида вафот этган. Бунга, асосан, эрта туғилиш ва туғуруқ чоғидаги асоратлар сабаб бўлган.
Нисбатан катта ёшли болалар ўлими эса кўпроқ юқумли касалликлар, жумладан, ўткир респиратор вирусли инфекциялар, пневмония, безгак ва диарея туфайли келиб чиққан.
Бундан ташқари, ўлик туғилиш ҳолатларининг 45 фоизи туғуруқ пайтида содир бўлган. Она организмидаги инфекциялар, туғуруқнинг оғир кечиши ёки ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаслиги асосий омиллар сирасидан.
Шунга қарамай, ўтган 8 йил ичида сайёрамизда болалар ўлими илк бор рекорд даражада қисқариши тарихий натижадир.
Эмлаш дастурлари, тўғри овқатланиш, дори-дармон, тоза ичимлик суви таъминоти ва санитария шароитлари яхшиланиши бунда муҳим аҳамият касб этди.
Аммо, экспертлар фикрича, эришилган кўрсаткичлар ҳали етарли эмас. Бу соҳада саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш орқали яна миллионлаб болалар ўлимининг олдини олиш имконияти мавжуд.
Ҳисоботда қайд этилганидек, боланинг омон қолиш эҳтимоли кўп жиҳатдан унинг туғилган жойига боғлиқ. Масалан, кичик ёшли ўғил-қизларнинг нобуд бўлиши ўлим даражаси энг баланд давлатда бу кўрсаткич энг паст мамлакатга қараганда 80 баравар юқори.
"Бундай тафовутларни камайтириш нафақат маънавий мажбурият, балки бутун дунёда барқарор ривожланиш ва тенглик йўлидаги муҳим қадамдир" — дейилади ҳисоботда.