ЖССТ гриппни даволаш бўйича янги тавсияларни эълон қилди

ЖССТ гриппни даволаш бўйича янги тавсияларни эълон қилди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти гриппга қарши кураш бўйича янги қўлланмани ишлаб чиқди. Ушбу тавсиялар ташкилот расмий сайтида эълон қилинди.

Янгиланган йўриқнома, аввало, грипп билан касалланган беморларга хизмат кўрсатувчи тиббиёт муассасалари учун мўлжалланган. Шунингдек, у эпидемия ва пандемияларга тайёргарлик борасида тегишли идоралар учун маълумот манбаи бўлиб хизмат қилади.

Қайд этилишича, дунё бўйича ҳар йили тахминан 1 миллиард киши мавсумий гриппга чалинади. Улардан 3-5 миллион нафарида касаллик оғир кечади. Хасталик оқибатида йилига 650 минг нафаргача бемор ҳаётдан кўз юммоқда.

Қўлланмада қайд этилишича, агар хасталик енгил кечаётган беморларда гриппнинг оғир шакллари ривожланиш эҳтимоли бўлса, мутахассислар балоксавир буюришни тавсия қилади. Агар бундай хавф даражаси паст бўлса, препаратни қўллаш мақсадга мувофиқ эмас.

Гриппнинг енгил шаклларига чалинганларга ланинамивир, осельтамивир, перамивир, занамивир, фавипиравир ва умифеновирдан фойдаланиш тавсия этилмайди. Қолаверса, бундай ҳолатда антибиотиклар қабул қилиш ҳам тўғри эмас.

Касалликнинг оғир босқичида осельтамивирдан фойдаланиш самарали. Бироқ перамивир ва занамивир билан даволаниш буюрилмайди. Агар беморларда бошқа бактериал инфекциялар ривожланиш хавфи паст бўлса, уларга макролидлар буюрилмаслиги, плазма терапияси ўтказилмаслиги зарур.

Агар грипп туфайли шифохонага ётқизилиш хавфи жуда юқори бўлса, осельтамивирни профилактика воситаси сифатида қўллаш мумкин. Лекин бундай вазиятда ланинамивир ва занамивирни қўллаш тавсия этилмайди.

Қўлланмани юклаб олиш (инглиз тилида).


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!