Жиззахда Омбудсман ишга кетаётганда ҳалок бўлган банк ходимасининг турмуш ўртоғи фойдасига 218 млн сўм компенсация ундириб берди

Жиззахда Омбудсман ишга кетаётганда ҳалок бўлган банк ходимасининг турмуш ўртоғи фойдасига 218 млн сўм компенсация ундириб берди

Жиззахда Омбудсман ишга кетаётганда ҳалок бўлган «Халқ банки»нинг собиқ кассири учун унинг оиласига компенсация пулларини ундириб берди. Бу ҳақда «Халқ сўзи online» хабар бермоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) матбуот хизмати маълум қилишича, 2020 йилнинг 17 декабрь куни Омбудсманга Жиззах вилоятида яшовчи фуқаро О.Т. турмуш ўртоғининг иш билан боғлиқ ҳолатда вафот этгани учун компенсация ундирилишини сўраб мурожаат қилган.

Мурожаатни ўрганиш давомида аниқланишича, «Халқ банки»нинг собиқ кассири, марҳума М.Т. 1989 йилда туғилган бўлиб, унинг 2 нафар вояга етмаган фарзандлари бўлган. Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ҳамда карантин муносабати билан сайёр касса хизматини кўрсатиш мақсадида АТ «Халқ банки» Жиззах вилояти филиалининг 2020 йилнинг 21 август кунги буйруғи билан марҳума М.Т. ҳамда 20 дан ортиқ ходимлар 22—23 август кунлари ишга жалб қилинган. 22 август, шанба куни эса собиқ банк ходимаси ишга кетаётган вақтида автоҳалокат туфайли воқеа жойида вафот этган.

Бир неча ойдан сўнг марҳуманинг турмуш ўртоғи Жиззах вилояти Бандлик бош бошқармасига рафиқасининг иш вақтида бевақт вафот этганлиги сабабли иш берувчи томонидан тўланадиган бир йўла бериладиган нафақа миқдорининг ундирилишини сўраб мурожаат қилган. Лекин «Халқ суғурта» масъулияти чекланган жамият шаклидаги суғурта компанияси бир неча маротаба ходимнинг ишга келаётган вақти иш вақти ҳисобланмаслиги важи билан суғурта қопламасини тўлаб беришдан бош тортган.

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги қарори билан тасдиқланган «Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш қоидалари»да «Иш берувчи иш берувчининг ҳудудида ва унинг ташқарисида, шунингдек, иш берувчи берган транспортда ишга келиш ёки ишдан кетиш вақтида ходимнинг соғлиғига меҳнат жароҳати билан етказилган зарар учун моддий жавобгар бўлади», деб белгиланган.

Шундан сўнг Омбудсман содир бўлган мазкур бахтсиз ҳодисага меҳнат қонунчилиги юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш ва компенсация ундирилиши бўйича Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига мурожаат қилган.

Мурожаат Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганилиб, содир бўлган бахтсиз ҳодиса меҳнат вазифасини бажариш билан боғлиқ деб топилган ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судига даъво аризаси киритилган.

Шундан сўнг суднинг ҳал қилув қарорига кўра, марҳуманинг турмуш ўртоғи О.Т. фойдасига «Халқ банки» Жиззах филиалидан салкам 218 миллион сўм бир йўла тўланиши лозим бўлган нафақа ҳамда 2 нафар вояга етмаган фарзандлари учун улар 16 ёшга тўлгунларигача ҳар ойда 756 минг сўмдан зарар ундирилиши белгиланган. Агарда болалар кундузги ўқишни давом эттирса, ҳар ойлик сумма улар 18 ёшга киргунларига қадар ундирилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!